Президент Садир Жапаров бугун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгаши аъзолари билан учрашди. Қирғизистон раҳбари терроризм ва экстремизм хавфсизлик соҳасидаги энг долзарб муаммо эканини яна бир бор таъкидлаб, мамлакати ўз кўлами, олдиндан айтиб бўлмайдиган ва хавфли оқибати билан жиддий ижтимоий-сиёсий, маънавий муаммога айланган терроризмнинг барча кўринишларини кескин қоралашини билдирди.

Айни пайт Бишкекда МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик ва махсус хизматлар раҳбарлари кенгаши 54-мажлиси давом этяпти. Учрашувда асосий эътибор Ҳамдўстлик мамлакатлари хавфсизлигига таҳдидни баҳолашга умумий ёндашув ишлаб чиқиш, хатарларни зарарсизлантириш бўйича разведка хизматлари ҳамкорлиги самарадорлигини оширишга қаратилиши кутилмоқда.

Минтақада вазиятни беқарорлаштириш, конституциявий тузумни мажбуран ўзгартириш мақсадида хорижда жанговар тайёргарликдан ўтган ва тажриба тўплаган шахсларни аниқлаш, улар фаолиятига чек қўйиш бўйича қўшма чора-тадбирлар белгиланади.

Тадбир иштирокчилари терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш соҳасида, жумладан аксилтеррор қўмитаси негизида фаолият юритувчи Халқаро терроризмга қарши маълумотлар банки доирасида ахборот алмашинувини такомиллаштириш йўлларини белгилаб олади.

Ҳамдўстлик аксилтеррор маркази МДҲга аъзо давлатлар терроризм ва экстремизмнинг турли зўравон кўринишларига қарши курашиш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини 2023 йилда амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиши учун Кенгаш аъзоларига тақдим этади. Бундан ташқари аъзо давлатлар хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгаши ишчи органлари фаолиятининг турли йўналишлари бўйича йиғилишлар режалаштирилган.

Б.Худойбердиев, ЎзА