Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги «ИННО» инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида Ўзбекистон ва Россия муҳандислик-техника соҳаларига ихтисослашган олийгоҳлар конференцияси ташкил этилди.

«Илмий-техника тараққиёти шароитида олий техник таълим истиқболлари» мавзусида ўтказилган анжуманда Россия фан ва олий таълим вазири ўринбосари Д.Афанасьев бошчилигидаги делегация вакиллари ва Ўзбекистон томонидан 35 дан ортиқ олий таълим муассасаси раҳбарлари, вазирлик ва идоралар масъуллари қатнашди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Россия Федерацияси фан ва олий таълим вазири ўринбосари Дмитрий Афанасьев очиб берди.

Конференцияда юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимининг барқарор ривожланишига эришиш учун академик мобиллик ва меҳнат бозорида энг кўп талаб қилинадиган йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш, бунда университетлараро лойиҳаларни давом эттириш лозимлиги қайд этилди. Қўшма илмий ва инновацион тадқиқотларни, профессор-ўқитувчилар малакасини оширишни кенгайтириш масалаларига алоҳида урғу берилди.

– Ўзбекистон ва Россия муҳандислик-техника соҳаларига ихтисослашган олийгоҳлар ҳамкорлигида транспорт, логистика, машинасозлик, геология, металлургия, энергетика, кимё, ахборот технологиялари ва бошқа муҳим йўналишларда «Илғор муҳандислик мактабларини» ташкил этиш, «корхона – университет – илмий ташкилот» кластер тизимини ва инновация марказларини яратиш лозим, – деди вазир Қ. Шарипов. — Шунингдек, магистратура, аспирантура ва докторантурада илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашга эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга.

Анжуман давомида Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ҳамкорликда илмий марказлар, илмий-тадқиқот лабораториялари, янги кафедралар ва илғор муҳандислик мактабларини ташкил этиш, илмий грантларни амалга ошириш каби масалалар бўйича музокаралар олиб борилди. Сифатли олий таълим олиш ва инсон капиталини ривожлантириш манфаатларидан келиб чиқиб, Россия таълим муассасаларининг Ўзбекистондаги филиаллари салоҳиятини янада оширишни давом эттириш ҳақида сўз юритилди. Н.Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети билан кенг кўламли ҳамкорлик тўғрисида фикр алмашилди.

Конференция доирасида илмий-инновацион соҳа ҳамда олий техник таълим йўналишида ўзаро алоқаларни кенгайтириш, икки давлат муҳандислик-техника олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик юзасидан 40 га яқин шартнома имзоланиши режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси»да мамлакат олий таълим тизимини сифат жиҳатидан ўзгартириш, олий таълим муассасаларида мутахассислар тайёрлаш тизимини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва устувор вазифалари белгилаб берилган. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида муайян муваффақиятларга эришилди. Мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларининг умумий сони 211 тага етди. Уларнинг 67 таси нодавлат университет, 29 таси хорижий олий таълим муассасаси филиалларидир. 29 та хорижий филиалдан 14 таси Россиянинг етакчи олий ўқув юртларининг бўлинмасидир.

2023/2024 ўқув йилида ёшларнинг олий таълим муассасаларига қабул қилиниши 42 фоизни ташкил этди. Олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари таркиби яхшиланиб, уларнинг илмий салоҳияти 41 фоизга етди. 2023/2024 ўқув йилида муҳандислик-техника йўналишида таҳсил олаётган талабалар улуши 35 фоиздан ошди.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон ва Россия муҳандислик-техника соҳаларига ихтисослашган олийгоҳлар конференцияси резолюцияси қабул қилинди.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА