Термиз шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш давом этмоқда.

Иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш, инвестиция олиб келиб, тадбиркорликни ривожлантириш сиёсати барча туманларга ҳам ҳали кириб келмагани таъкидланди. Бунда ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари ва ҳоким ёрдамчиларининг иши сустлиги кўрсатиб ўтилди.

Вилоятдаги 724 та маҳаллага 1 минг 390 та тиббий бригадалар бириктирилган. Лекин улар касалликнинг сабаби билан эмас, кўпроқ оқибати билан шуғулланаётгани кўрсатиб ўтилди.

Ҳар бир маҳаллада фитобарлар, дорихоналарда фитобурчаклар ташкил қилиш, халқ табобати бўйича қисқа курслар ўтказиш, уй шароитида қилинадиган машқлар дастури ва соғлом овқатланиш менюсини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Маҳалласида бу борада яхши натижа кўрсатган тиббиёт бригадалари рағбатлантирилиши белгиланди.

509 та мактаб, Она ва бола маркази, болалар кардиохирургия бўлими ва 44 та оилавий шифокорлик пунктини жиҳозлаш ва таъмирлаш чоралари кўрилиши таъкидланди.

Шунингдек, вилоятдаги 1,6 миллион ёшлар билан алоҳида шуғулланиш, ҳар бир хонадон, маҳалла ва таълим даргоҳига барқарор ижтимоий кайфият, келажакка ишонч, касб, тил эгаллаш, энг муҳими, меҳнат орқали яхши ҳаётга интилиш муҳити кириб бориши кераклиги таъкидланди.

 

ЎзА