Бугун, 16 ноябрь эрта тонгда мамлакатимизга профессионал бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Майк Тайсон етиб келди

Юртимизда ўтказилаётган Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC)нинг 61-конвенцияси доирасидаги тадбирларда иштирок этиш учун ташриф буюрган бокс афсонасини Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси вакиллари, журналистлар, бокс ихлосмандлари тантанали кутиб олди.

Кеча Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC) конвенцияси тизимида пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” спорт саройида 17 ноябрь куни ташкил этиладиган бокс оқшомига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

WBC президенти Маурисио Сулейман, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси биринчи вице-президенти Ғофур Раҳимов, юртимизда меҳмон бўлиб турган жаҳон бокси юлдузи Эвандер Холифилд, Олимпия ўйинлари ғолиби, икки карра жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов, ёш умидли чарм қўлқоп усталари Абдумалик Халаков, Қудратилла Абдуқаҳҳоров, Миразиз Мирзахалилов ва уларнинг рақиби иштирок этди. Матбуот анжумани аввалида Ўзбек бокси афсоналари Руфат Рисқиев ва Муҳаммадқодир Абдуллаевларга эътиром кўрсатилди.

“Тошкент йўлбарси” номи билан жаҳон боксида муносиб из қолдирган Руфат Рисқиев Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC) томонидан эсдалик олтин медали билан, Муҳаммадқодир Абдуллаев махсус совға билан тақдирланди.

Анжуман давомида WBC раҳбари Маурисио Сулейман конвенция доирасидаги тадбирлар юқори даражада ташкил этилаётганини, Ўзбекистонда спорт соҳасида, хусусан боксни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Журналистларнинг саволларига жавоб берган боксчиларимиз “Ҳумо арена”да бўладиган жангларда халқимиз ишончини оқлаш энг муҳим вазифа эканлигини билдириб ўтди.

Жаҳон боксида тобора катта мавқега эга бўлиб бораётган Баҳодир Жалолов “Париж-2024” Олимпиадасидан сўнг бор эътиборини WBC чемпионлик камарини қўлга киритишга қаратишини билдирди.

Бугун кун давомида Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC)нинг 61-конвенцияси иштирокчиларининг бир қисми Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилса, тадбирда иштирок этган ҳакамлар, бир гуруҳ мутахассислар “Ҳумо арена” спорт саройида эртага бўладиган бокс кечасига алоқадор маросимларни ўтказишда қатнашади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА