Нукусда жорий йил 19 ноябрь куни мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда бирга югурамиз!” шиори остида ўтказиладиган “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақасига тайёргарлик кўриш юзасидан матбуот анжумани уюштирилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ёшлар сиёсати ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Енгил атлетика федерацияси, Нукус, Хива, Бухоро, Навоий ва Қоровулбозор шаҳарлари ҳокимликлари, шунингдек, масъул вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.
19 ноябрь куни эрталаб соат 07:30 да мамлакатимизнинг 16 та шаҳрида бўлиб ўтадиган оммавий югуриш мусобақаси йўналиши хавфсизлигини таъминлаш, тадбир давомида автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишини чеклаш, старт ва финиш нуқталарини лойиҳалаштириш, иштирокчилар учун индивидуал форма ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи кунини нишонлашга бағишланган маданий дастур ташкил этишга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Шунингдек, ташкилотчилар томонидан ҳар бир ҳудудда имконияти чекланган югурувчилар ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг иштироки учун квоталар ажратилган.
Нукус шаҳрида оммавий югуриш мусобақаси Қорақалпоғистон кўчасидан бошланиб И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ёнидаги Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари байроқлари ўрнатилган майдонгача ўтказилиши режалаштирилган.
Оммавий югуриш мусобақасининг ташкилотчилари сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Мактабгача ва мактаб таълими, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирликлари, Асака банк”, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси қайд этилган.
Тадбирда мусобақа ўтказиладиган жой, иштирокчилар, ҳакамлар ва кўнгиллилар спорт кийимлари, ғолибларга бериладиган совринлар тақдимоти ўтказилди.
– Марафон барча ҳудудларда 3 километр, фақат Тошкент шаҳрида қўшимча 10 километр масофада ўтказилади,– дейди мусобақа бош ҳаками, миллий тоифадаги ҳакам Ҳасанбой Ортиқов. – Бугунги кунда марафонда иштирок этиш истагини билдирганлар сони 100 минг нафарга яқинлашди. Албатта, бу рекорд натижа ҳисобланади. Мусобақа ғолиблари ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари