Шу кунларда Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида II Туркий давлатлар универсиада ўйинлари бўлиб ўтмоқда.
Ўтган йили Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг иштирокчи давлат раҳбарлари ўртасидаги келишувига мувофиқ ўтказилаётган мазкур универсиада ўйинларида мамлакатимизнинг 70 нафардан зиёд спортчилари 6 та спорт тури бўйича ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Кеча ўйинларнинг тантанали очилиш маросими ҳамда бир қатор спорт турларидаги дастлабки беллашувлар ташкил этилди.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган давлат спорт жамоалари қатаншаётган II Туркий давлатлар универсиада ўйинларининг илк кунги мусобақаларида волейбол бўйича эркаклар жамоалари ўртасидаги баҳсларда ҳамюртларимиз Қирғизистон жамоасини, шахматчиларимиз қозоғистонлик рақибларини мағлубиятга учратди.
Бугун, 7 ноябрь куни мусобақада иштирок этаётган давлатлар делегация раҳбарларининг йиғилиши ўтказилди.
Мазкур ўйинларда бевосита иштирок этаётган Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси раиси ўринбосари Эркин Қодировнинг телефон орқали билдиришича, йиғилиш кун тартибида талабаларнинг спорт фаолияти билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган. Ўйинлар географиясини кенгайтириш, спорт турлари қамрови, унинг техник томонларини янада такомиллаштириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, II Туркий давлатлар универсиада ўйинларида спортчилар волейбол, шахмат, эркин ва юнон-рум кураши, дзюдо, стол тенниси баҳсларида қатнашмоқда.
Мусобақалар10 ноябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА