Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида IV Параосиё ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Марказий стадионда очилиш маросими тантаналарида иштирок этадиган мамлакат спорт делегацияларининг паради ташкил этилди. Стадионга енгил атлетикачи Нурхон Қурбонова ҳамда сузувчимиз Азиз Бойназаров Ўзбекистон давлат байроғини кўтарган ҳолда кириб келди. Шу тариқа қитъамизнинг 43 мамлакати пара спортчилари саф тортди.
Параосиё ўйинлари мадҳияси янгради ва IV ёзги Параосиё ўйинлари байроғи кўтарилди. Спортчилар ва ҳакамлар қасамёд қабул қилди.
Очилиш маросимининг бадиий қисми мусобақа иштирокчилари ва меҳмонлари қалбига хуш кайфият бағишлади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур Параосиё ўйинларида қитъанинг 43 давлатидан 4000 минг нафар пара атлетлар иштирок этмоқда. Тўрт йилликнинг энг нуфузли комплекс ўйинларида Ўзбекистон делегацияси ўз тарихида илк бор 11 спорт тури бўйича 108 нафар пара спортчилар билан иштирок этиши кутилмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, ўйинларда вакилларимиз пара шахмат, пара каноэ, пара академик эшкак эшиш, пара велоспорт, пара таэквондо ва пара стол тенниси дастурлари бўйича илк маротаба баҳсларга киради.
Пара ўқ отиш, пара стол тенниси, пара енгил атлетика, пара дзюдо, пара таэквондо, пара пауэрлифтинг, пара велоспорт, пара каноэ, пара академик эшкак эшиш, пара сузиш дастурларида паралимпиячиларимиз медаллар билан бир қаторда, келгуси йил Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинлари лицензиялари ҳамда рейтинг очколари учун ҳам беллашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА мухбири