Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туман бўлими томонидан Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотлари муомалага киритилишининг олди олинди.

Фуқаролар А.У., Д.Е. ҳамда Б.Д. истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган қўлбола усулда тайёрланган 546 дона “QARATAW” номли қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотини 11 миллион сўмга сотган вақтида ушланди. Тадбир давомида Б.Д.нинг хонадонидан яна 299 дона қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири