Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 23 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалаларини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорида Ўзбекистон халқлари маданий меросининг сақланишини таъминлаш, маданий бойликларнинг қонунга хилоф равишда олиб чиқилиши ва олиб кирилишидан муҳофаза қилиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар мамлакатимиз ҳудудидан олиб чиқиб кетилмаслиги белгилаб берилган.
Шундай бўлсада, айрим фуқаролар томонидан амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда маданий бойликларни республикамиз ҳудудидан ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетишга уриниш ҳолатлари учрамоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Нукус-аэропорт” чегара божхона пости ходимлари томонидан “Нукус-Москва” йўналишидаги НУ9625-сонли авиарейс билан Ўзбекистондан Россияга учиб кетиш учун залнинг “яшил” йўлагидан ҳаракатланаётган фуқаро ўзи билан 4 дона қадимий тангани олиб чиқиб кетишининг олди олинди.
Мазкур ҳолатда ашёвий далил тариқасида олинган ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ортиқ вақт ўтган қадимий тангалар, экспертиза хулосасига кўра, республикамиз ҳудудидан олиб чиқилиши тақиқланган маданий бойликлар сирасига кириши белгиланди ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейига вақтинча сақловга топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири