Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ҳудудидаги “UMID-NUKUS” МЧЖга қарашли божхона омборида махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди.

“Товар-моддий бойликлар сақланадиган омборларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва фавқулодда ҳолатлар содир бўлганда ҳаракатланиш тактикаси” мавзусида ташкил этилган ўқув машғулотида фавқулодда вазиятлар, божхона, соғлиқни сақлаш, Нукус шаҳар газ ва электр тармоқлари корхонаси, омбор вакиллари ва бошқа тегишли масъуллар иштирок этди.

Хусусий божхона омбори ҳудудида жами 3 та ёнғин нуқтаси белгиланиб, хавотирли “ёнғин” сигнали берилди. Иштирокчилар тезкорлик билан ўзларига белгиланган вазифаларга киришди.

Божхона пости бошлиғи томонидан тезкор қарор қабул қилиниб, пост ходимларидан пост ҳамда омбор ҳудудлари хавфсизлигини таъминлаш отрядлари тузилиб, тезкорлик билан ишга киришилди. Бу орада ёнғин содир бўлган ҳудудда зарарланган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, ёнғин ўчоғидан ташқарига олиб чиқиш ҳаракатлари бошланди. Тезкор тузилмалар томонидан ёнғинни ўчириш ва унинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар эҳтиёткорлик ва марказлашган ҳолда амалга оширилди.

“Шартли” ёнғин тактик машқида ҳар бир тузилма томонидан Штаб гуруҳига топшириқлар бажарилганлиги бўйича ахборот берилди. Ёнғин тўлиқ бартараф этилгач, барча тузилмалар раҳбарлари томонидан машғулот давомида ҳаракатлар кетма-кетлиги ва тезкорлиги баҳоланиб, уларни бажариш чоғида йўл қўйилган хато- камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Машғулот якунида ёнғин юз берганида зарур замонавий техник воситалар ҳамда авария-қутқариш экипажининг кўргазмали намойиши ўтказилди.

Ушбу махсус-тактик машқларни ўтказишдан мақсад ёнғин содир бўлганда тезкор тузилмаларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатини таъминлаш кўникмаларини шакллантиришдан иборатдир.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири