Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида 2023-2024 йилларда 50 нафар журналист ва таҳририят ходимлари хориж мамлакатларига тажриба алмашиш, стажировка ўташ учун юборилиши белгиланган.

Ўзбекистонда миллий журналистиканинг ривожланиши бўйича Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг I миллий маърузасида ҳам 2023-2024 йилларда уюшманинг 60 га яқин аъзоси хорижий давлатлар ОАВларида малака ошириши ва нуфузли медиа тадбирларда иштирок этиши таъминланиши қайд этилган.

Ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Умумхитой Журналистлар ассоциацияси ўртасида жорий йил 15 июнда тузилган ҳамкорлик келишуви ижроси доирасида ёш журналистларимиз айни кунларда Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди.

Улар 11-25 октябрь кунлари мазкур мамлакатда ўтказиладиган ўқув-семинар машғулотларида иштирок этмоқда. Шунингдек, “Синхуа” ахборот агентлиги, “China Media Group”, “China Daily” ва бошқа оммавий ахборот воситалари фаолияти билан яқиндан танишади.

– Бугунги кунда нафақат юртимизда, балки бутун дунёда оммавий ахборот воситалари вакилларига эътибор ҳар қачонгидан ортди. Бу, албатта, катта имконият. Мен Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ходими сифатида шу йилнинг ўтган даврида бир нечта давлатда ўтказилган йирик анжуман, конференцияларда иштирок этдим, – деди Уюшма аъзоси Беҳруз Худойбердиев сафар олдидан берган интервьюсида. – Мана, навбатдаги манзил – Хитой томон отланяпмиз. Ушбу мамлакатда ўтказиладиган икки ҳафталик ўқув-семинар биз, ёш журналистлар учун касбий тажрибамизни оширишга қаратилган дастурларга бой бўлишига аминманБугун Янги Ўзбекистон журналистика соҳасида ҳам дунё мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш йўлидан бормоқда. Янги Ўзбекистон ёшлари дунёга чиқмоқда.

– Уюшмамиз томонидан ОАВ вакилларининг хорижда тажриба алмашишини таъминлашга қаратилган бундай тадбирлар давом эттирилмоқда, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов. – Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия ва Озарбайжон давлатлари журналистлар уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзолаш бўйича музокаралар ҳам олиб бормоқдамиз.

Моҳигул Қосимова, ЎзА