Юртимизда янгича фикрлайдиган, бугунги замон талаблари асосида ёшларга таълим-тарбия берадиган ўқитувчи ва педагогларни етиштириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маъмурий ислоҳотлар натижасида мактабгача, халқ ва ихтисослашган таълим ягона мактабгача ва мактаб таълими тизимига бирлашди. Ҳозирги кунда тизимда 10 мингдан ортиқ мактаб, 30 мингдан ортиқ боғчаларда 8,5 миллионга яқин тарбияланувчи ва ўқувчига салкам 700 минг нафар педагог таълим-тарбия бериб келмоқда. Вазирликнинг марказий аппарати, ҳудудий бошқарма ва бўлимларнинг тузилмалари ўзгартирилиб, мактабгача ва мактаб таълими тизимининг вертикал бошқаруви такомиллаштирилди.

Бугунги кунда тизимда 30 минг 792 та мактабгача таълим ташкилоти, 10 минг 160 та умумтаълим мактаби, 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби, 182 та ихтисослаштирилган мактаб мавжуд.

Бу ҳақда 11 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган “Ҳукумат соати”да қайд этилди. Унда депутатлар “Умумий ўрта таълимни янги босқичга олиб чиқиш, таълим сифатини ошириш ва таълим дастурларини такомиллаштириш борасидаги вазифалардан келиб чиқиб, соҳадаги бошқарув тизимини ташкил этишга қаратилган қонунчиликнинг бажарилиши ҳолати тўғрисида”ги масалани муҳокама қилди. Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари У.Шарифхўжаев депутатларнинг саволларига жавоб берди.

— Таълим тизимини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш бўйича шу йил 26 май куни қабул қилинган “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда, — деди вазир ўринбосари. — Ўтган даврда мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича вазирлигимиз томонидан муайян ишлар қилинди. Хусусан, ҳудудларда 154 нафар малакали директорлардан иборат Директорлар кенгаши ташкил этилди. Директор лавозимига номзодларни танлаб олиш ва уларни ўқитиш бўйича А.Авлоний номидаги миллий тадқиқот институтида тажриба-синовдан ўтказилмоқда. Мактаб директори лавозимига номзодларни танлаш жараёни эса “Ўқитувчиларнинг миллий кадрлар захираси” махсус электрон портали орқали амалга ошириляпти.

Жорий йил сентябрдан бошлаб 8 мингга яқин стажёр ўқитувчилар ишга қабул қилинди. Улар бир йил давомида ишлаб, тажриба орттирганидан кейин талабга жавоб берса, доимий ишга қабул қилинади. Бу ёш педагогларнинг ўз устида ишлаш бўйича масъулиятини оширади.

“Ҳукумат соати”да халқ вакиллари соҳада олиб борилаётган ишларни эътироф этиб, қатор саволларни ўртага ташлади. Хусусан, таълим ташкилотларида кадрларнинг касбий тайёргарлиги сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини такомиллаштириш борасидаги ишлар билан қизиқдилар.

Вазирнинг биринчи ўринбосари ўз жавобида 2023 йилда режа бўйича 512 минг 809 нафар ўқитувчи малакасини ошириш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 309 минг нафар ўқитувчининг малакаси оширилганини таъкидлади. Президент мактаблари тажрибаси асосида математика ва инглиз тили фани ўқитувчилари учун 3 босқичли каскад усулида семинар-тренинглар ташкил этилиб, ҳозирги кунга қадар 16 минг 21 нафар математика фани, 17 минг 477 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари ўқитилган. Йил якунига қадар эса барча ўқитувчиларнинг малакаси оширилади.

Шунингдек, депутатлар соҳадаги мавжуд муаммолар юзасидан фикрларини билдирди. Хусусан, бугунги кунда фуқаролар томонидан мактаб дарсликлари борасида эътирозлар бўлаётгани, уларни ишлаб чиқишда тажрибага эга, ўз йўналишининг ҳақиқий фидойиси бўлган олимларни жалб қилиш, таниқли ёзувчи ва шоирларнинг ижод маҳсулларидан кўпроқ фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, рус тили ва бошқа тиллардаги педагог кадрлар етишмаслиги, бунинг олдини олиш учун зарур чоралар кўриш лозимлиги қайд этилди.

Муҳтарама Комилова, 
Муродхон Хўжаев (сурат), ЎзА