Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Б.Валиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳолатини ўрганмоқда.

Ишчи гуруҳ дастлаб Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида ташкил этилган Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳузуридаги Тадбиркорлик ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича штаб фаолияти ҳамда амалга оширилган ишлар тақдимоти билан танишди.

Шундан сўнг Чимбой туманидаги “Кокшиқала” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида туманда давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича амалга оширилган ишлар, маҳалла ҳудудида ичимлик сувини яхшилаш борасида режалаштирилаётган лойиҳалар ўрганилиб, тегишли кўрсатмалар берилди. “Маҳалла бешлиги” фаолияти бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Ишчи гуруҳ, шунингдек, Тахтакўпир туманидаги “Тахтакўпир” овул фуқаролар йиғинида жиноятчиликка қарши курашиш ишларининг йўлга қўйилиши ҳолатини ўрганиб, Тахтакўпир, Қораўзак туманлари ҳамда Нукус шаҳрида Ички ишлар бўлимлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бўлимлари шахсий таркиби, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари иштирокида хизмат олди йўриқномаси ўтказилди. “Қизил” тоифага киритилган маҳаллаларда ишларни тўғри ташкил этиш, жамоат жойлари, хиёбонлар, марказий кўчаларда жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар содир этилиши, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича кечиктириб бўлмайдиган тегишли топшириқлар берилди.

Амударё ҳамда Қўнғирот туманларидаги “қизил” тоифага тушган ҳудудларда “маҳалла бешлиги”нинг “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида амалга ошираётган ишлари ҳолати ўрганилди. Шунингдек, “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятига қарашли Тахиатош иссиқлик электр станциянинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, “BITCOIN” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти, иссиқлик электр станцияси чиқинди сувларини қайта ишлаш, яъни қишлоқ хўжалигида ўғит сифатида фойдаланиладиган хлорелла, ряска етиштириш жараёнлари билан танишилди.

Хўжайли туманида жойлашган “MIDASIATEX CLUSTER” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш”, “KARBALT RUTOIL” масъулияти чекланган жамиятининг “Нефтни қайта ишлашни ташкил этиш” мавзусида режалаштирилаётган ишлари лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Ишчи гуруҳ Нукус шаҳридаги оналар ва болалар учун “Шайх Халифа” номидаги шифохона қурилиши ишлари, “Nukuselektroapparat” МЧЖда қуёш панелларини ишлаб чиқариш ҳамда “NUKUS SSP TEXNOPARK” МЧЖда аралаш ип-калава ҳамда тайёр тикув маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари, “Nukus Textile” МЧЖда ип-калава ишлаб чиқариш жараёни, Нукус савдо мажмуасида тадбиркорларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Криминоген вазияти бўйича “қизил” тоифага кирган “Алтин жағис”, “Ғарезсизлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, “маҳалла бешлиги” томонидан “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ишларни тўғри ташкил этиш бўйича зарурий тавсиялар берилди. Шунингдек, Нукус шаҳридаги Марказий деҳқон бозоридаги тунги профилактик фаолият аҳволи ўрганилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири