Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 11 октябрь – Халқаро қизлар куни муносабати билан “Қизлар – миллат келажаги” шиори остида “Сенинг ташаббусинг – сенинг келажагинг учун” мавзусида форум ўтказилди.

Тадбирда университетнинг ёшлар масалалари, маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори С.Алауатдинов, университет ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси И.Сейтназарова хотин-қизлар кенгаши фаолияти, шунингдек, фаол талаба қизларнинг ютуқлари ҳақида сўз юритди.

Таъкидланганидек, форумни ўтказишдан асосий мақсад талаба қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг кийиниш ва нутқ маданиятини ошириш, ёшлар онгини ёт ғоялардан ва иллатлардан асраш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларни турмушга тайёрлашдир.

Иштирокчилар олий ўқув юртида таълим олаётган зийрак, иқтидорли ва истеъдодли қизларнинг қўл меҳнати ёрдамида ясаган буюмлари кўргазмаси билан танишди. Тадбир давомида ўқишда ва жамоат ишларида тенгдошларига ўрнак бўлаётган қизларнинг ютуқлари ҳақида сўз юритилиб, уларнинг ота-оналарига олий ўқув юрти маъмурияти томонидан ташаккурномалар топширилди. Ўз навбатида, ота-оналар талаба ёшларнинг таълим олиши, ўз иқтидорини намоён этиши учун яратилган шарт-шароитларни эътироф этиб, ўз миннатдорчилигини билдирди.

Форумда университет ёшлари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири