Икки кунлик семинарда тикувчилик, каштачилик ва халқ ҳунармандчилиги ўргатилди.
Қатор тармоқларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ижрочиси – БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмунига хос фаолият юритяпти. Тузилма томонидан илгари сурилаётган таклиф ва ташаббуслар, айниқса, халқаро экспертлар диққат марказида экани қувонарли. Гендер тенглигини таъминлаш ва қишлоқ аёллари имкониятини кенгайтириш ФАО сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Қорақалпоғистоннинг Кегейли ва Қораўзак туманлари – қишлоқ жойларда муқобил даромад манбаи сифатида хотин-қизлар ва ёшларга тикувчилик, каштачилик ва халқ ҳунармандчилигини ўргатиш бўйича ташкил этилган икки кунлик тренинг фикрларимизни тасдиқлайди.
ФАО тадбирда қатнашган тўқсонга яқин аёлдан ўттиз нафарига тикув машиналари топширган. Бу даромадни ошириш учун муҳим восита. Тақдим этилган технология ёрдамида, энг аввало, билим ва кўникма олиш, шунингдек, машҳур Қорақалпоқ миллий каштаси билан кийим-кечаклар тикиш мумкин.
Қайд этиш жоиз, машғулот БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Оролбўйи ҳудудини яшил ва инновацион ривожлантириш орқали ёшларнинг ёрқин келажак сари ҳуқуқ ва имкониятини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Мазкур ташаббус БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги траст фонди томонидан молиялаштирилади. Мақсад эса инновациялар ва яшил ривожланиш асосида маҳаллий ҳамжамият бандлиги учун янада яхши имконият яратиш ва уларнинг Орол денгизи инқирози оқибатларига мослашиш салоҳиятини оширишдир.
– Фикримизча, аҳолининг заиф қатламини, айниқса, аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилаш жуда муҳим, – деди ФАОнинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий ваколатхонаси табиий ресурслар бўйича мутахассиси, лойиҳанинг техник координатори Иветта Зенина. – Зеро, Оролбўйи минтақаси иқлим ўзгариши ва табиий ресурслар деградациясининг салбий таъсирига кўпроқ мойиллиги барчага маълум. Бугунги тренингдан ташқари, яқинда сув тежайдиган технологиялар, барқарор қишлоқ хўжалиги, электрон тижорат ва яшил молиялаштириш бўйича бир қатор тадбирлар ўтказишни режалаштирганмиз.
Анжуман давомида Қорақалпоқ халқи бой маданияти, қадимий тарихи ва чуқур маъносини сақлайдиган анъанавий каштачилик, миллий кийимларнинг ўзига хос хусусиятига алоҳида эътибор қаратилди. Қадимги Қорақалпоқ каштаси қизил рангнинг устунлиги билан бир-биридан кескин фарқ қилувчи иплардан йиғилган безакнинг кичик элементларини бирлаштирган.
Бугунги кунда халқ анъаналари асосида яратилган ҳунармандчилик маҳсулотларига, айниқса, сайёҳлар ўртасида талаб катта. Зеро, улар халқнинг ўзлигини, авлодлар давомийлигини намоён этади. Икки кунлик махорат дарсларида иштирокчиларга миллий каштачиликнинг турли усуллари ҳам ўргатилди.
Назарий ва амалий қисмларга бўлинган машғулотлар чоғида нафақат маҳсулот ишлаб чиқариш, балки уни сотиш хусусиятига ҳам урғу берилди. Яъни маркетинг асослари бўйича дарслар ўтилди, иштирокчиларга маҳсулотни қандай қилиб муваффақиятли сотиш ва маълум бир мақсадли аудиторияга эътибор қаратиб, фойда олиш йўллари тушунтирилди. Гендер тенглик мавзусига бағишланган тақдимотда эса эркаклар ва аёллар учун барча соҳада, жумладан, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорликда тенг шароит, ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА