Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтган Осиё ўйинларида бронза медалига сазовор бўлган футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Тошкентда иккита ўртоқлик учрашувини ўтказади.

Ушбу учрашувлардан бири эртага, 13 октябрь куни “Бунёдкор” стадионида ўтказилади. Ушбу учрашувда ҳамюртларимиз Испания олимпия терма жамоаси билан куч синашади.

Шунингдек, 16 октябрь куни “Бунёдкор” стадионида ўтадиган иккинчи учрашувда Тимур Кападзе шогирдлари Миср терма жамоаси билан назорат ўйинини ўтказади.

Айтиш лозим, Испания ва Миср терма жамоалари «Париж-2024» Олимпия ўйинлари йўлланмалари соҳиблари саналади.
Мазкур учрашувларга ҳозирлик кўраётган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳозирда Тошкент вилоятидаги “Дўстлик” терма жамоалар марказида ўтказилаётган машғулотларда қатнашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бир ой муқаддам жамоамиз келаси йил Қатарда ўтадиган U-23 Осиё кубоги йўлланмасини қўлга киритган эди. Қатар майдонларида ўтадиган мусобақа эса кучли учликка кирган жамоаларга 2024 йилги ёзги Олимпия ўйинлари эшикларини очади.

Т.Рўзиев, ЎзА