Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан муносабатлари турли йўналишларда ривожланмоқда. “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” парламент ҳамкорлиги қўмитаси доирасида ташкил этилаётган самарали мулоқотлар парламентлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим механизм бўлди.

Бу Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала учрашувида эътироф этилди.

Мулоқот асносида савдо-иқтисодий, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

2024 йил учун Олий Мажлис Сенати ва Европа парламенти ўртасида амалий чора-тадбирларнинг алоҳида режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифи илгари сурилди.

Суҳбат давомида иқтисодий ҳамкорлик масалаларига асосий устувор йўналиш сифатида эътибор қаратилди. Айни пайтда савдо айланмаси барқарор ўсишда давом этмоқда. Йил бошидан буён бу борадаги кўрсаткич 35 фоизга ошди. Европанинг етакчи компаниялари билан йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. “GSP+” режими сифатли ўзбек маҳсулотларини Европа бозорига экспорт қилишнинг рағбатлантирувчи омилига айланди. Шу нуқтаи назардан мазкур режимни янги муддатга узайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Минтақавий даражада йўлга қўйилган мулоқот, хусусан, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” ҳамкорлик формати муносабатларни янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун муҳим платформага айлангани қайд этилди.

Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари мулоқоти ва Европа Иттифоқи ўртасида ҳамкорликни кучайтириш масаласи муҳокама қилинди. Бунда БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази билан ҳамкорликда Брюсселда ўтказилиши режалаштирилган мулоқотнинг навбатдаги йиғилиши муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Мазкур тадбир гендер тенглик, аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини илгари суриш каби йўналишларда Европа Иттифоқининг тажрибаси билан яқиндан танишиш имкониятини бериши билан бирга, ҳамкорликнинг янги босқичига туртки вазифасини ўтайди.

Учрашув якунида кўп қиррали ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш, ўзаро мулоқотлар изчиллигини таъминлашга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА