Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Сенати Раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда одам савдоси ва муносиб меҳнат масалалари бўйича амалга оширилаётган ишлар, халқаро ҳамкорлик доирасида эришилган натижалар ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Мажлисда ўтган 11 ойда муайян натижаларга эришилгани, соҳага оид ҳуқуқий асослар такомиллаштирилгани қайд этилди.
«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури қабул қилингани натижасида камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланди.
Президентимизнинг “Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича янги вазифалар белгиланди.
Меҳнат бозоридаги таркибий муаммоларни аниқлаш ва номутаносибликларнинг олдини олиш, халқаро стандартларни жорий этиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан фаол ҳамкорликда ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Меҳнат инспекциясининг ваколатлари кенгайтирилди. Инспекцияга меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан текширувларни ҳеч бир тўсиқларсиз ўтказиш ваколати берилди.
Миллий қонунчилигимизга халқаро стандартлар ва нормаларни босқичма-босқич татбиқ этиш борасида ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Хусусан, ХМТнинг 5 та конвенцияси ратификация қилинди.
Одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳам тегишли норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Одам савдосига оид ва унга турдош бўлган жиноятлар учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида маъқулланди.
Мажлисда муносиб меҳнат шароитларини таъминлашга доир камчиликлар кескин танқид қилинди. Миллий комиссия томонидан тасдиқланган “Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури”да белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, натижаларини мониторинг қилиб бориш зарурлиги қайд этилди.
Бир ой муддатда мутахассисларни жалб этган ҳолда “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси” миллий дастури лойиҳасини ишлаб чиқиб, Ҳукуматга киритилишини таъминлаш лозимлиги уқтирилди.
Бош прокуратура билан биргаликда пахта мавсумида мажбурий меҳнат бўйича келиб тушган ҳар бир мурожаатни тўлиқ қайта ўрганиб, масъул раҳбарлар фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилишини таъминлаш чораларини кўриш кераклиги қатъий билдирилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Иш берувчилар Конфедерацияси билан биргаликда иқтисодиётнинг барча соҳаларида тикув-тўқимачилик, ипакчилик, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фуқаролик жамияти вакилларини жалб этган ҳолда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши, муносиб меҳнат шароитлари яратилишини мониторинг қилиш ишларини сифатли ташкил этиш, бунда мониторинг ўтказиш методологиясини икки ой муддатда ХМТ экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва Миллий комиссияга киритиш ва келишиш бўйича топшириқлар берилди.
Мажлисда одам савдоси билан боғлиқ ишларни тергов қилиш амалиётида ҳам бир қатор муаммолар сақланиб қолаётгани таъкидланди. Ижтимоий тармоқлар орқали Ички ишлар вазирлиги ходимларининг одам савдоси билан боғлиқ баъзи тергов ишларини чуқур таҳлил қилмаган ҳолда олиб бораётгани, айрим ҳолларда судда ҳам ўз тасдиғини топган.
Мурожаатлар таҳлилига кўра, одам савдоси бўйича келиб тушган 673 аризадан 493 таси (73 фоизи) бўйича жиноят иши қўзғатиш рад этилган. Бу каби ҳолатлар Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро вилоятларида юқори кўрсаткични ташкил этган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўн беш кун муддатда ҳудудларда одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш борасида амалга оширилаётган ишларни танқидий таҳлил қилган ҳолда, натижаларини ҳудудий комиссия йиғилишларида муҳокама қилиши топширилди.
Миллий ва ҳудудий комиссия аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва келгусидаги вазифалар юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ижтимоий меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссия, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти эшитилди.
Шу билан бирга, мажлисда келгусидаги вазифалар белгиланди. Мамлакатимизда муносиб меҳнат тамойилларини кенг татбиқ этиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, одам савдосига қарши курашиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши зарур эканлиги таъкидланди.
Ҳар бир йўналиш бўйича чуқур таҳлиллар ҳамда илғор хорижий ва халқаро тажриба асосида 2025 йил учун чораларни белгилаш, ХМТ билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган мамлакат дастури доирасида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таҳлил қилган ҳолда 2026-2030 йилларга мўлжалланган мамлакат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Норгул Абдураимова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА