Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича норматив-ҳуқуқий база ҳамда тизим шакллантирилди.

Давлат хизматлари кўрсатишни рақамлаштириш орқали инсон омили минимал даражага камайтирилди. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича ижобий ютуқларга эришилди.

Жорий йилда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун қабул қилингани коррупциявий омилларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг муҳим механизмларини белгилаб берди.

Мазкур қонуннинг амалиётга жорий этилишини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Президентнинг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан давлат органлари ва ташкилотлари зиммасига бир қатор вазифалар юклатилди.

Ушбу вазифаларнинг ижро этилиши юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларнинг ахборотини Сенат қўмиталари мажлисларида эшитиш белгиланган.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда сўз юритилди. Қонун ижросини самарали ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар кўриб чиқилди.

Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Туризм қўмитасининг мазкур қонун ижросини самарали ташкил этиш бўйича ахборотлари эшитилди.

Коррупциявий ҳолатлар ички назорат тизимлари фаолияти етарли даражада амалга оширилмаётгани ва бунинг натижасида қонун бузилишига шароитлар яратиб берилаётгани қайд этилди.

Сенаторлар томонидан қонунчиликка зид бўлган бундай ҳолатлар ҳудуддаги ҳар бир кенгаш аъзосидан ўз олдига қўйилган вазифаларни тўлақонли бажариш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни тезкорлик билан аниқлаш ва уларга чек қўйиш, шунингдек, уларнинг оқибатларини бартараф этиш юзасидан самарали фаолият олиб бориш зарурлигини талаб этиши таъкидланди.

Тадбирда қонун ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирларини амалга ошириш юзасидан қўмита қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, вазирлик ва идоралар зиммасига коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича комплекс чоралар кўриш юклатилди ҳамда тегишли кўрсатмалар берилди.

Н.Абдураимова,  

ЎзА