Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Нукус шаҳри марказида ўрнатилган Янги йил арчаси ёнида Ободонлаштириш бошқармаси ходимларини кириб келаётган байрам муносабати билан муборакбод этиб, машаққатли меҳнатлари учун миннатдорчилик билдирди.

Таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларида соҳа фидойиларининг меҳнати беқиёсдир. Қисқа вақт мобайнида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” тамойили асосида шароити оғир фуқаролар йиғинларида қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Тупроқ йўлларга қум-шағал аралашмаси ётқизилди. Шаҳар ва туманларда жами 21 мингдан ортиқ уй-жойда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Албатта, бу ишларни бажаришда Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари фидокорона меҳнат қилмоқда. Уларнинг бу эзгу ишлардаги хизматлари доимо ҳурмат ва эътиборга лойиқ.

Тадбирда Нукус шаҳри тозалигини сақлаш ва ободонлаштириш ишларини олиб боришда фаоллик кўрсатгани учун бир гуруҳ соҳа ходимларига байрам совғалари топширилди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири