Қўнғиротда янгидан бунёд этилган темир йўл вокзали очилди

296

Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманига янги йил байрами ўзгача шукуҳ билан яқинлашмоқда. Қўнғиротликлар учун янгидан бунёд этилган темир йўл вокзали байрам туҳфаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 30 мартдаги ташрифи якунида берилган топшириқлари баёнида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти зиммасига “Қўнғирот темир йўл вокзали” биносини янгидан қуриш вазифаси юклатилган эди.

Шундан сўнг “Тоштемирйўллойиҳа” МЧЖ мутахассислари билан биргаликда замонавий шаҳарсозлик ва архитектура талабларига биноан Қўнғирот темир йўл вокзали биноси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қурилиш ишлари бошланди.

Бугун Қўнғирот темир йўл вокзалининг реконструкция қилинган янги биносини фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, кириб келаётган Янги йил байрами ҳамда байрам арафасида янги бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан йиғилганларни табриклади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимиз иқтисодиётининг барча жабҳаларида ва халқимиз ҳаётида тарихий ўзгаришлар ҳамда янгиланишлар рўй бермоқда. Жумладан, Транспорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга хизмат қилмоқда.

Фойдаланишга топширилаётган Қўнғирот темир йўл вокзалининг янги биносида Президентимизнинг махсус топшириғи билан 12,5 миллиард сўмлик реконструкция ишлари олиб борилди ва барча қулай шароитлар яратилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, давлатимиз раҳбарининг аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини янада яхшилаш, темир йўл тизимида йўловчилар ҳамда тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида қабул қилган қарори ижросини таъминлаш борасида самарали ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

– Қўнғирот темир йўл вокзали ўтган асрнинг ўрталарида, яъни 1955 йилда қурилган бўлиб бир вақтнинг ўзида 50 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари”АЖ Бош муҳандиси-Бош менежери Ш.Қодиров. – Умумий фойдаланишдаги майдони 460 метр квадратни ташкил этадиган ушбу вокзалда йўловчиларга сифатли сервис хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд эмас эди. Президентимизнинг ташаббуси билан эски вокзал ўрнига қурилган мазкур янги ва замонавий мажмуанинг умумий фойдаланишдаги майдони 820 метр квадратни ташкил этиб, 22 та хонани ўз ичига олган.

Вокзал биносининг биринчи қаватида темирйўлчилар ҳамда ички ишлар ходимлари хизмат хоналари, кутиш зали, депутатлар, она ва бола хонаси, санитария назорати, тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва оғир беморлар вақтинчалик дам олиш хоналари, буфет, савдо шохобчаси, аёллар, эркаклар ва ногиронларга мўлжалланган махсус хоналар жойлашган. Вокзалнинг иккинчи қаватида эса барча қулайликларга эга замонавий меҳмонхона ва овқатланиш хонаси мавжуд.

Янги вокзалда бир вақтнинг ўзида жами 150 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Бу эса олдингига нисбатан уч баробар кўпроқ дегани.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон темир йўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров, Қўнғирот тумани меҳнат фаоллари ҳамда фахрийлар сўзга чиқиб, Президентимиз бошчилигида Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган мана шундай эзгуликлар, инсонларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қиладиган савобли ишлар янада кўп ва бардавом бўлишини мамнуният билан эътироф қилишди.

Нозимбек Мардонов, ЎзА мухбири