Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Президент арчаси театрлаштирилган байрам томошаси бўлиб ўтди.
Тадбирга болалар уйлари тарбияланувчилари, қаровисиз қолган ўғил-қизлар, Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз осойишталиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандлари таклиф этилди.
Тантанали маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Aманбай Оринбаев иштирок этиб, болаларни Янги йил байрами билан муборакбод этди ва Президентимизнинг байрам совғаларини топширди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 декабрдаги “Янги йил байрами муносабати билан “Президент арчаси” байрамини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ташкил қилиш” бўйича мажлис баённомаси асосида Қорақалпоғистон Республикасида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, оилавий болалар уйидаги тарбияланувчилари ва ўзларининг фарзандлари, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган жами 587 нафар болага Президент совғаси топширилиши белгиланган.
Байрам дастури чиройли безатилган Арча атрофида қорбобо ва қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари иштирокида театрлаштирилган томошалар билан давом этди.
Президент совғаларини топшириш маросими барча шаҳар ва туманларда давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА