Янги йил байрамини ранг-баранг ёнар чироқлар билан ясатилган арчасиз тасаввур қилиш қийин, шундай эмасми?
Аҳолига хуш кайфият улашиш мақсадида, бугун пойтахтнинг кўплаб туманларида безатилган арчалар байрамни нишонлашга шай, қад ростлаб турибди.
Пойтахтнинг бош арчаси эса Алишер Навоий кутубхонаси ёнида 35 метр баландликка кўтарилди ва 33.000 дона ўйинчоқ билан безатилди.
Байрам майдонида яна 4 та кичик арча ва декоратив элементлар ҳам жойлаштирилган. Ташкилотчилар томонидан эса айни пайтда янги йил арчаси атрофида ўтказиладиган кечанинг бошланишига тайёргарлик кўрилмоқда.
Бугун соат 18:00 да айнан ушбу майдонда асосий байрам кечаси бошланади ва байрам дастуридан турли дилтортар қўшиқлар ўрин олган.
Хусусан, тадбир давомида эстрадамиз юлдузларидан Райҳон Ғаниева, Ёдгор Мирзажонов, Рухшона, Мустафо ва бошқа санъаткорлардан иборат гуруҳлар, жонли мусиқа, байрамона кайфият ва қувончга тўла онлар сизга мунтазир!
М.Эшмирзаева, Д.Якубов, А.Аҳмедов (видео), ЎзА