Франция футболини ёритаётган lensois.com портали “Ланс”нинг декабрь ойидаги энг яхши футболчисини аниқлаш мақсадида сўровнома ташкил қилди. Қувонарлиси, ушбу сўровномада иқтидорли футболчимиз Абдуқодир Ҳусанов 81,9 фоиз овоз тўплаб, клубнинг декабрь ойидаги энг яхши футболчиси бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 20 ёшли легионеримиз аввал ҳам икки бор – сентябрь ва октябрь ойлари якунлари бўйича жамоасининг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлган эди.
***
Эроннинг «Персеполис» клуби Остон Ўруновни жамоада олиб қолиш учун керак бўлган барча ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, жамоа раҳбарияти Остонга йилига 2 миллион доллар бермоқчи.
Маълумот учун: Остон Ўруновнинг Эрон клуби билан амалдаги шартномаси 2025 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
***
2025 йилдан Ўзбекистон футзал федерацияси ўз фаолиятини бошлайди. Ушбу ташкилотни раҳбар сифатида BMB Holding Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов бошқаради. Азиз Акбаржонов вице-президент, Маъруфжон Абдуллаев эса бош котиб лавозимида фаолият юритади.
***
Германиянинг “Бавария” клуби “Боруссия Дортмунд”нинг қанот ҳужумчиси Гиттенсга қизиқиш билдирмоқда.
Жеймининг дортмундликлар билан шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган бўлиб, “Тransfermarkt” портали ушбу футболчини 50 миллион евро деб баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, 20 ёшли Гиттенс бу мавсум 23 та ўйинда майдонга тушиб, 9 та гол ва 3 та голли узатмага муаллифлик қилган.
***
Ўзбекистон терма жамоаси ва «Патхум Юнайтед» клуби аъзоси ҳисобланган Игорь Сергеев янги мавсумни «Пахтакор» сафида ўтаказади.
Фаолиятининг энг яхши даврларини «Пахтакор»да ўтказган Игорь Сергеев клубнинг 180 та ўйинида жами 102 та гол уришга муваффақ бўлган.
***
ОКМК клуби янги мавсумга тайёргарликнинг дастлабки йиғинини БААда ўтказади. У ердаги тайёргарлик жараёни 17 январдан 1 февралга қадар давом этади ва табиийки бир қатор халқаро ўртоқлик учрашувлари режалаштирилган.
Бунгача ОКМКнинг Россия премьер-лигаси вакиллари – ЦСКА (19 январь) ва “Урал”га (22 январь) қарши майдонга тушиши эълон қилинган. Шунингдек, 29 январь куни Қозоғистоннинг “Ордабаси” жамоасига қарши учрашув ўтказади.
***
«Барселона» ёзда ўз сафига қўшиб олишни истаган Нико Уильямснинг орзуси бошқа клуб бўлиб чиқди. Испаниялик футболчи аслида «Реал»га ўтишни хоҳлайди.
Таъкидлаш керакки, «кўк-анорранглилар» ҳамон «Евро-2024″да омма эътиборига тушган футболчи вариантидан воз кечгани йўқ.
У жорий мавсумда «Атлетик Билбао» сафида Ла Лига доирасида 17 та беллашувда майдонга тушиб, 1 та гол ва 3 та ассист муаллифига айланган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА