Қонунчиликка кўра, мамлакатимизда ногиронлик ёшдан қатъи назар белгиланади. Шахс ногирон деб эътироф этилганида, меҳнатга лаёқатлиликнинг бузилиши даражасидан келиб чиққан ҳолда, ногиронликнинг биринчи, иккинчи, учинчи гуруҳлари белгиланади.
I гуруҳ ногиронлиги меҳнат қилиш қобилиятини бутунлай йўқотган ва ўзгаларнинг ёрдамига, парваришига муҳтож бўлган шахсларга, II гуруҳ ногиронлиги меҳнат қилиш қобилиятини бутунлай йўқотган, лекин ўзгалар ёрдамига, парваришига муҳтож бўлмаган шахсларга белгиланади. III гуруҳ ногиронлиги эса меҳнат қилиш қобилиятини қисман йўқотган шахсларга белгиланади.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, 2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия тайинланганидан кейин камида 1 йиллик иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, иш стажи ва иш ҳақларини инобатга олган ҳолда ҳар икки йилда бир маротаба қайта ҳисоблаб чиқилмоқда. Шунингдек, жорий йил 1 январдан Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан йилига қўшимча равишда ўртача 275 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Пенсия тайинлаш учун яшаш жойидаги Пенсия жамғармасининг бўлимларига, ишлаётганлар ташкилот маъмурияти орқали, деҳқон хўжаликлари аъзолари, якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчилар ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Ишламайдиган фуқаролар аризани мустақил ўзлари яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига беради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан жорий йилнинг октябрь ойи тўлов рўйхатларига киритилган 4,5 миллион нафар пенсия ва нафақа олувчилар учун талаб этилган маблағлар 5 октябрь кунига қадар тижорат банкларига тўлиқ молиялаштирилиб берилган. Ўз навбатида 4 октябрь кунига қадар пенсия ва нафақа тўловларини нақд пулсиз шаклда олувчи 3,3 миллион нафар фуқароларнинг банк карталарига маблағлар тўлиқ юклаб берилиши таъминланган.
Амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ, пенсия ва нафақа пулларини нақд шаклда олувчиларга жорий ой тўловлари тасдиқланган графикларга асосан Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан етказиб берилади.
Муҳайё Тошқораева тайёрлади,
ЎзА