Жорий йилнинг 7 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги Қорақалпоғистон аҳоли пунктидан 15 километр масофада жойлашган газ ўлчов станциясида ўзаро ҳамкор 3 та мамлакат соҳа вакиллари иштирокида Қорақалпоғистон шаҳарчаси – Атырау шаҳри – Санкт-Петербург – Москва шаҳарларида ўтказиладиган телекўприкда Россия газини қабул қилиб олишга старт берилди.
Давлатимиз раҳбарининг Россия Федерациясига давлат ташрифи доирасида мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш каби долзарб масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан биргаликда Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга табиий газ етказишга старт берилиши тарихий воқеа бўлди. Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги газ ўлчов станциясида ташкил этилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, нуронийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Мазкур тарихий воқеага бағишланиб, Қўнғирот туманидаги Қорақалпоғистон шаҳарча фуқаролар йиғини Маданият саройида санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, жорий йилнинг 14-17 июнь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Ўзбекистонга Россия газини етказиб бериш бўйича давлатлараро шартнома имзоланган эди. Унда 2023-2025 йиллар давомида Россия газини Ўзбекистонга импорт қилиш кўзда тутилган. Форумда шунингдек, импорт газни қабул қилиш ва ташиш учун республика газ узатиш тизимини тайёрлаш бўйича “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Газпром” ОАЖ ўртасида “Йўл харитаси” имзоланганди.
Режа доирасида газ ўлчов станциясини қуриш, “Хива-Бейнеу”, “Бухоро-Урал” ва “Газли-Нукус” магистрал газ қувурларидаги нуқсонли қисмларни бартараф этиш, “Бухоро-Урал” магистрал газ қувурининг 22 километр узунликдаги янги тармоғини қуриш, “Қорақалпоғистон” компрессор станцияси Д цехидаги 3 та газ ҳайдаш агрегатининг иш қобилиятини тиклаш, электр мобиль станцияларни таъмирлаш, магистрал газ қувурларидаги беркитиш мосламаларининг герметик ҳолатини тиклаш, дизел генератор ҳамда аккумуляторлар харид қилиш ишлари кўзда тутилган. Ўтган давр мобайнида мутахассислар томонидан ўрганиш, лойиҳалаштириш, қурилиш ишлари бажарилди.
Хусусан, “Хива-Бейнеу” магистрал газ қувурининг 307 километрида қарийб бир гектарни эгаллаган газ ўлчов станцияси қуриб битказилди. Қозоғистон орқали импорт қилинадиган табиий газ шу станцияда ўлчанади ва сифати текшириб борилади. Бир суткада қарийб 8 млн метр куб табиий газни ўлчаб ўтказаётган станция замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Замонавий қурилмалар табиий газ ўлчовини аниқ ва ишончли олиб боради. Бу ерда шунингдек, замонавий талабларга жавоб берадиган операторлар хонаси ҳам қад ростлаган. “Қорақалпоғистон” компрессор станциясидаги газ сифати назорати таҳлилий кимё лабораторияси аттестациядан ўтказилди. Биноси таъмирланиб, замонавий ускуна ва анжомлар билан жиҳозланди. Ва ниҳоят, Ўзбекистон магистрал газ қувурлари тармоғи импорт қилинадиган табиий газни қабул қилиб олишга тайёр. Айни жараён учун режалаштирилган барча қурилиш, реконструкция ва модернизация ишлари ўз вақтида амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг Россияга мазкур ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиб қолади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари