Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиаллари томонидан 2023 йилнинг 9 ойи давомида профилактик тадбирлар, экспорт, инвестиция лойиҳалари, “GSP+” тизими доирасида ҳамда метрологик хизматлар кўрсатиш бўйича амалга оширилган ишларни аҳолига етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб тадбир иштирокчиларига соҳага оид қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлари, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонунлари, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 2 июндаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида таркибий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳани халқаро андозаларга мослаштириш, стандартлардан кенг фойдаланиш муҳитини яратиш, мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий услубларни жорий қилиш борасидаги ишлар таништирилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Давлат назорати департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан корхоналарда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларида қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш, мавжуд ҳолларда уларни бартараф этиш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларида янги қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларини тушунтириш ишлари бўйича 9 ой давомида 222 та корхонада профилактика ишлари ўтказилди. “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат муассасаси Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан “GSP+” тизими ва инвестиция лойиҳалари бўйича соҳага оид масалалар бўйича маҳаллий экспортёр ва экспорт салоҳиятига эга корхоналарга амалий ёрдам, консультатив хизматлар кўрсатиш бўйича тизимли ишлари олиб борилмоқда. «GSP+» имтиёзлари доирасига кирувчи агентлик томонидан 54 та маҳсулот тури бўйича тайёрланган қўлланма ҳудуддаги 32 та экспортёр ҳамда ишлаб чиқарувчи корхонага етказилди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 174 та маҳаллий экспортёр корхона фаолият юритиб, шундан  жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 118 та экспортёр корхона томонидан 71,2 миллион АҚШ доллари миқдорида 120 турдаги маҳсулот экспорт қилинди. Ҳудуддаги 5 та маҳаллий экспортёр корхона  3,95 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 5 турдаги маҳсулотини «GSP+» тизими доирасида Европа Иттифоқининг Эстония, Германия, Франция, Италия давлатларига жўнатди. Шунингдек, ушбу тизим доирасида 17 та корхона 6,1 миллион АҚШ доллари миқдорида 14 турдаги тўқимачилик ва мева-сабзавот маҳсулотларини Россия ҳамда Украина давлатига экспорт қилди.

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланган тармоқ жадвалига асосан, 78 та ишлаб чиқарувчи ва маҳаллий экспортёр корхонада халқаро стандартларни жорий этиш белгиланган. Халқаро стандартларни жорий этиш ва сертификатлаштириш бўйича ҳудуддаги шаҳар ва туманлардаги ҳар бир корхонага “UzTest” ҳамда “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат муассасаси Қорақалпоғистон Республикаси филиаллари малакали мутахассислари бириктирилди. Ушбу бириктирилган мутахассислар томонидан тармоқ жадвалига киритилган корхоналарга халқаро стандартларни жорий этиш ва сертификатлаштириш бўйича амалий ёрдам, консультатив хизматлар кўрсатилмоқда. Бугунги кунга қадар тармоқ жадвалига киритилган 48 та корхонадан 13 та корхонага ISO 9001, ISO 22000, ISO 14001 ва ISO 45001  халқаро стандартлари асосида менежмент тизимлари жорий этилиб, сертификатлаштирилди.

Метрологик хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш мақсадида жорий йилда қиёслаш йўналишида 3 та ўлчаш турлари бўйича аккредитация доираси кенгайтирилди. Ҳудуддаги саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарининг 9848 та қиёслаш, 13 та метрологик аттестатлаш, 22 та калибрлаш, жами 9883 та ўлчаш воситаси метрологик текширувдан ўтказилди. Шунингдек, тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида махсус логистика хизматларини кўрсатиш бўйича 22 та ташкилотнинг 389 та ўлчаш ва синов воситаларини метрологик текширув ишлари амалга оширилди. “Е-Метрология” ахборот тизими орқали 1124 та аризага асосан метрологик хизмат кўрсатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида” қарори бўйича филиалнинг мавжуд метрологик инфратузилмасини янада такомиллаштириш ва халқаро даражада калибрлаш лабораторияларини ташкил қилиш мақсадида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги “Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида жорий йил бошидан 5728 та юридик ва жисмоний шахснинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини қиёслашдан ўтказиш ишлари амалга оширилди.

Қорақалпоғистон Республикасида 2023 йилда Ҳудудий инвестиция дастури доирасида амалга ошириладиган 957 та инвестиция лойиҳасидан 237 та ишлаб чиқарувчи ва саноат корхонаси таҳлил қилиниб, белгилаб олинди. Соҳа йўналишлари бўйича амалий ёрдам ва консультатив хизмат кўрсатиш учун “UzTest” ҳамда “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат муассасалари Қорақалпоғистон Республикаси филиаллари қўшма бўйруғи билан 19 нафар ходим шаҳар ва туманларга бириктирилди. Улар томонидан бугунги кунга қадар жами 180 та,  шу жумладан, стандартлаштириш соҳасида 105 та, сертификатлаштириш соҳасида 24 та,  СМК соҳасида 19 та,  2 та метрология, 2 та қадоқлаш,  бошқа 9 та  ишлаб чиқарувчи саноат ва экспортёр корхонага соҳа йўналишлари бўйича амалий ёрдам ва консультатив хизмат кўрсатилди.

Тадбир иштирокчилари “UzTest” ҳамда “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат муассасалари Қорақалпоғистон Республикаси филиаллари лабораториялари, Нукус туманидаги “Nukus Agro Fish Klaster” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур корхона бугунги кунда ички бозорларни арзон ва сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлаб қолмасдан, хорижга ҳам экспорт қилишни режалаштирган. Бу борада Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Давлат назорати департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, “UzTest” ҳамда “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат муассасалари Қорақалпоғистон Республикаси филиаллари билан ҳамкорлик ижобий самарасини бермоқда.

Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари.