Чимбойлик ҳайкалтарош Дарибой Тожимуратовни нафақат Қорақалпоғистон, балки Марказий Осиёда санъат аҳли моҳир ижодкор сифатида яхши танийди.

Ижодкорнинг ёғоч, гипс, бетон, алебастр ва керамика материалларида ишланган жозибали, чуқур мазмунга эга ҳайкалтарошлик асарлари кўпчилик эътиборини қозонган. «Она ва бола», «Ёшлик», «Қорақалпоқ келини», «Чол ва кампир», «Тулпорлар», «Саўкеле», «Ёш жиров», «Қуёшнинг чиқиши» каби ижод намуналари шулар жумласидандир. Ушбу асарларда яратилган образлар орқали муаллиф санъат ихлосмандларини қорақалпоқ халқининг бой тарихи, этнографияси, аждодлардан қолган бебаҳо мероси, шунингдек, ўлканинг ажойиб табиати ва ўзига хослиги билан яқиндан таништира олган.

 

Д.Тожимуратов 1990 йилдан буён Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси. Унинг асарлари Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлимида ташкил этилган қатор кўргазмалардан ўрин олган. Шунингдек, ҳайкалтарош мамлакат миқёсидаги ҳамда хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма ва фестивалларда фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Венгрия, Германия, Польша, Болгария, Вьетнам, Куба каби давлатларида ташкил этилган кўргазмаларда ижодкорнинг ҳайкалтарошлик ишлари намойиш этилган.

Дарибой Тожимуратов 2021 йилда «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони билан тақдирланган.

ЎзА фотомухбири
Мақсад Ҳабибуллаев олган суратлар