Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Норқобилов раҳбарлигидаги делегация Германияда бўлиб турибди.
Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, йирик лойиҳаларни амалга ошириш ва чорвачилик соҳасида ўзаро тажриба алмашиш орқали соҳа ривожида янги ғояларни жорий этишдир. Делегация аъзолари таркибида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали директори Адилбай Есимбетов ҳам бор.
Ташриф доирасида Вайенштефан-Триздорф амалий фанлар университети (HSWT)да олиб борилган музокаралар натижасида юртимизнинг бир қанча олий ўқув юртлари, шу жумладан, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали ҳамда мазкур университет ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ундан кўзланган мақсад ўқув муассасалари ўртасида илмий алоқаларини ўрнатиш, талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда фойдали лойиҳаларни амалга ошириш, таълим сифатини янада ошириш, илмий тадқиқот соҳасида ҳамкорлик механизмини йўлга қўйишдир.
– Ушбу ҳамкорлик доирасида таълим йўналишида янги бир босқичга қадам қўйилди деб ўйлайман, – дейди филиал директори А.Есимбетов. – Талаба-ёшларга ўқув дастурининг ноёб комбинациясини таклиф этадиган мазкур олий ўқув юрти тажрибасини ўрганиш албатта ўзининг ижобий самара беришига ишонамиз.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири