Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Буюк Британия парламентининг Парламентлараро иттифоқидаги Британия гуруҳи делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда парламент қуйи палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева ва бир гуруҳ депутатлар иштирок этиб, меҳмонларга миллий парламентимизнинг ривожланиш йўли, Қонунчилик палатасининг йўналишлари, ваколатлари ҳамда фракция, қўмита, комиссиялар, парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, мулоқотда мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституция асосида ишлаб чиқилаётган қонунлар борасида айтиб ўтилди. Яқинда қабул қилинган дастуриламал ҳужжат — келгуси етти йиллик ривожланиш йўналишларимизни белгилаб берувчи “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор мақсад-вазифаларнинг мазмуни ва аҳамияти хусусида маълумотлар берилди.

Мулоқотда томонлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги алоқалар изчил ривожланаётганини қайд этди. Келгусида парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболлари хусусида фикр алмашдилар. Қонун ижодкорлиги соҳасида ҳам ҳамкорликни янада кучайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

М.Комилова, ЎзА