Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини шакллантиришда жамоатчилик иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳада ҳар йили Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини шакллантириш учун маълумотлар базаси сифатида хизмат қилиши назарда тутилган лойиҳалар портфели шакллантирилиши қайд этилган.

2024 йил 1 январдан бошлаб вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан дастур доирасида лойиҳалар портфелини шакллантиришда фуқаролар томонидан ташаббус тарзида билдирилган таклифлар алоҳида инобатга олинади.

Лойиҳалар портфелига таклифлар фуқаролар томонидан ўзлари доимий яшаб турган туман (шаҳар) ва маҳалла ҳудудидаги ижтимоий соҳа муассасаларини (умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, оилавий поликникалар, қишлоқ врачлик пунктлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, маданият ва спорт муассасалари) қуриш-таъмирлаш ишлари ҳамда ичимлик ва оқава сув тармоқларини яхшилаш юзасидан лойиҳалар бўйича билдирилади.

Тармоқ вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари (бўлинмалари) ўзларининг расмий сайтларида фуқаролар томонидан лойиҳа таклифларни тақдим этиш имкониятини кўзда тутувчи “жамоатчилик ташаббуси асосида ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини портфелини шакллантириш” махсус алоҳида ахборот саҳифасини яратади.

Фуқаролар томонидан лойиҳалар портфелига киритиш учун ташаббус тарзида таклиф этилаётган ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаси веб-саҳифа орқали ҳар йили 1 февралдан бошлаб 1 мартгача билдирилади ва ҳудудларда ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиб чиқилиб, лойиҳалар портфелига киритилади.

Ишчи гуруҳлар таркибига туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчилари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари киритилади.

Ишчи гуруҳлар ҳар йили 1 мартгача фуқаролар томонидан ташаббус тарзида билдирилган лойиҳа таклифлари тўғрилиги, техник ҳолати, ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилгани ҳамда қуриш-таъмирлашга муҳтожлигини ўрганган ҳолда лойиҳалар портфелига асосланган таклифлар киритилишини таъминлайди.

Дастурнинг манзилли қисмини шакллантиришда, биринчи навбатда, устуворлик фуқаролар томонидан билдирилган лойиҳаларга берилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА