Пойтахтимизда “Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва оилавий зўравонликнинг олдини олишнинг долзарб масалалари” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармони иловаси билан тасдиқланган тадбирлар дастури асосида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ва бошқалар оила, оналар ва болаларни ижтимоий, ҳуқуқий жиҳатдан  ҳимоялаш масаласи долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, оилавий зўравонлик наинки муайян шахсларга, балки, оила, жамиятнинг таназзулга юз тутишига сабабчи бўлувчи ўта салбий иллатдир. Мамлакатимизда кейинги йилларда оилавий зўравонликнинг олдини олиш бўйича миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Шунга қарамай, баъзан аёлларнинг, болаларнинг зўравонликка учрашидек ҳолатлар ҳамон юз бераётгани билан сира муроса қилиб бўлмайди.

Бу борадаги муаммоларни ҳал этишда хотин-қизлар фаоллари, маҳалла, ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Конференцияда “Гендер зўравонликни содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахслар билан комплекс иш олиб боришнинг cтандарт операцион иш тартиблари” лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Шу билан бирга, “Тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган чоралар, амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар”, “Зўравонликка мойиллиги бўлган оилаларни вақтида аниқлаш ва улар билан манзили ишлаш механизмлари”, “Болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик учун қонунчиликка белгиланган жавобгарлик, қонунлар ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш” каби мавзуга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича таклифлар умумлаштирилди.

Назокат Усмонова,

Алимурод Мамадаминов (суратлар), ЎзА