Амалда бунга қандай риоя қилинмоқда?

Очиқлик ва ошкоралик тамойилига риоя этиш бўйича Олий Мажлис Сенатида яхши анъана йўлга қўйилган. Ҳар бир ялпи мажлис интернет тармоқлари орқали жонли эфирга узатилган ҳолда ўтказилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгаши сессияларини телеканаллар, шунингдек, интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатишни таъминлаш белгиланган.

Фармон билан қўйилган талаб амалда қандай бажарилмоқда?

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур тартибнинг маҳаллий кенгашлар томонидан 2023 йил биринчи ярим йиллигида ижро этилиши ҳолати бўйича ўрганиш ўтказди.

Бунда кенгашлар томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги, яъни кенгаш сессиялари (ёпиқ мажлислар бундан мустасно) муҳокамасига киритилган кун тартибидаги ҳар бир масала ҳамда узлуксиз жонли эфирга узатилиш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сессиялар тўғрисида эълон қилинган қисқа хабарлар ёки фото ва видеорепортажлар фармон талаблари ижросини таъминламаганлик сифатида баҳоланди.

Масофавий мониторинг тартибида трансляцияларнинг сифати ва тўлиқлиги ҳам ўрганилди.

Аниқланишича, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан жами 102 сессия ўтказилган. Улардан 39 фоизи маҳаллий телеканаллар ёки интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилган, холос.

Мисол учун, халқ депутатлари Хоразм, Жиззах, Наманган, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан  ўтказилган бирорта сессия жонли эфирга узатилмаган.

Ўрганиш давомида жонли эфирга узатилмаган сессиялар аксарияти вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти ёки ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари (facebook, instagram, telegram)да хабар ва янгилик сифатида эълон қилиб келинган.

Шунингдек, халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашлари сессияларининг жонли эфирга узатилиши ҳолати ҳам таҳлил қилинди.

Аниқланишича, халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашлари томонидан республика бўйича жами 1 минг 676 сессия ўтказилган бўлиб, улардан 405 таси, яъни 24 фоизи маҳаллий телеканаллар ёки интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилган, холос.

Жонли эфирга узатилмаган аксарият сессияларни туман (шаҳар) ҳокимлиги расмий веб-сайт ёки ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалар (facebook, instagram, telegram)да хабар ва янгиликлар шаклида эълон қилиш билан кифояланилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш якунлари бўйича тегишли идораларга тақдимнома киритди.

Н.Абдураимова, ЎзА