Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Миллий гвардия матбуот хизмати томонидан брифинг ташкил этилди.

Қайд этилишича, бугунга қадар мамлакатимиздаги 14 та Меҳрибонлик уйи, 4 та Болалар шаҳарчаси ва 5 та Болалар уйи (гўдаклар)нинг фаолияти тугатилган. Меҳрибонлик муассасаларини битирган 225 нафар тарбияланувчининг бандлиги таъминланган. Улардан 20 нафари Миллий гвардия хизматига, 85 нафари муддатли ҳарбий хизматга қабул қилинган. 850 нафари касбга йўналтириш мақсадида ўқув курсларда ўқитилган.

Олий таълим муассасаларига 2022-2023 ўқув йили учун Давлат комиссиясининг тегишли Баёнига мувофиқ, 25 ёшгача бўлган 790 нафар ўғил-қиз қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилинган. Жамоат хавфсизлиги университетида 460 нафар тутинган ота-оналар ўқитилиб, уларга сертификатлар топширилган. Соғлиқни сақлаш тизимидаги 13 та Гўдаклар уйларида 531 нафар бола тарбияланган.

Шунингдек, 2021 йилда 710 нафар, 2022 йилда 388 нафар яшаш жойига муҳтож етим болалар тўлиқ жиҳозланган турар жой билан таъминланган. 2023 йил мобайнида 424 нафарига турар жой ажратиш режалаштирилган.

Нотурар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларда яшаётган жами 248 нафар 30 ёшгача бўлган собиқ битирувчилардан 2023 йилда 131 нафари, 2024 йилда 117 нафари “Меҳр дафтари” жамғармаси маблағидан янги турар жойлар билан таъминланади. Бугунги кунда 2023 йил ҳисобидан 87 нафарига уй-жой берилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА