Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Вазирлар Маҳкамасининг “Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2011 йил 25 майдаги 149-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ваколатли давлат органлари томонидан ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали очиқ танлов асосида танлаб олинади.
Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ваколатли давлат органлари томонидан ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш, сақлаш, ҳисобини юритиш ва олиб чиқиб кетишга рухсат бериш ЙҲХХнинг ягона ахборот тизимига ҳамда ушлаш ваколатига эга бўлган давлат органларига интеграция қилинган “Жарима майдончаси” ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш (ташиш) ҳамда сақлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўловлар миқдори Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.
Транспорт воситаларини тўхташ жойларидан олиб чиқиш учун барча тўловлар (жарима майдончаси ва ҳуқуқбузарлик учун жарималар) электрон шаклда амалга оширилади.
Ваколатли давлат органлари томонидан ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларидан олиб чиқишга рухсатнома сақлаш хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларга электрон шаклда тақдим этилади.
Мазкур қарор қабул қилингунга қадар қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар билан тузилган шартномалар 2024 йил 1 январга қадар ўз кучини сақлаб қолади.
ЎзА