Автомобиль йўллари қўмитасида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти иштирокида мулоқот ташкил этилди. Бу ҳақда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Учрашув давомида тизимда меҳнат қилаётган кадрлар малакасини босқичма-босқич ошириш, вакант лавозимлар ўрнини очиқ танлов асосида тўлдириш, ходимларнинг иш самарадорлигини яхшилаш бўйича KPI индикаторларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Масъул раҳбарлар соҳада рақамли технологияларни жорий этиш ва меҳнат самарадорлигини ошириш бўйича фикр алмашди.
Учрашувда қўмитанинг раҳбар-кадрлари, жумладан марказий аппарат таркибий тузилмалари ҳамда ҳудудий бошқарма бошлиқларининг назарий ва амалий билимларини ошириш, жамоада самарали ишлаш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида семинар-тренинглар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, мақсадли кадрлар захирасини шакллантириш учун ходимларнинг келгусида автомобиль йўллари соҳаси бўйича дунёнинг етакчи университетларида таълим олиши ҳамда стажировка ўташи масалалари муҳокама этилди.
Н.Усмонова,
ЎзА