Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев янги иқтисодий моделга ўтиш зарурлигини маълум қилди.

Бу ҳақида Қозоғистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Биз бутунлай янги йўлга ўтиш учун Қозоғистоннинг иқтисодий ривожланишига жуда жиддий туртки беришимиз керак. Ҳозир ҳал қилувчи тарихий лаҳза яқинлашмоқда ва Қозоғистон иқтисодиёти ҳозир қандай ҳолатда бўлса, у келажакда бошқача бўлади. Бу аниқ ва мен бунга ишонаман”, – деди Тоқаев.

Президентнинг сўзларига кўра, ҳукуматнинг вазифаси тегишли таклифлар киритишдан иборат.

“Бу, биринчи навбатда. Иккинчидан, ушбу таклифларга мувофиқ тайёрланадиган режаларнинг бажарилишини кафолатлаш. Лекин янги иқтисодий моделни ишлаб чиқиш ва тайёрлашга қандай ёндашиш ҳақида шахсан ўйлаётганимни яширмайман. Яқинда Олий иқтисодий кенгаш йиғилишига раислик қилдим. Очиғи, маҳаллий иқтисодчиларимизни танқид қилдим”, – деди у.

“Халқ биздан аниқ қарорлар кутмоқда, чунки энг долзарб масалаларни ҳал қилиш керак. Халқимиз учун муносиб турмуш даражасини таъминлаш мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланишини концептуал жиҳатдан қандай кўришимиз билан бевосита боғлиқ. Мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига ўта жиддий туртки беришга қаратилган бу ўта муҳим ишни биргаликда бошлашимиз керак”, – деди давлат раҳбари.

Хабарда айтилишича, Тоқаев Қозоғистон халқига сентябрь ойидаги Мурожаатномасида мамлакатни янада ривожлантириш бўйича ўз қарашларини баён қилишни режалаштирмоқда.

ЎзА