Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Тошкент шаҳрини ривожлантиришга қаратилган мақсадларни амалга ошириш учун ҳокимлик маъмурияти олдига қатор муҳим вазифалар қўйилган бўлиб, уларнинг ижроси учун бошқарув ва назоратда туб ўзгаришлар тақозо этилади.
Асосий мақсадлардан бири – шаҳарда барча йўналишларни комплекс ривожлантириш орқали Тошкентни яшаш учун қулай бўлган дунёнинг ТОП-50 та шаҳарларидан бирига айлантириш (ҳозирда 157-ўринда).
Аҳоли сони ўсишини инобатга олган ҳолда, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич ҳозирги 2,8 млн.дан 3,8 млн.га етиши мумкин, пойтахтни аҳолига яшаш учун қулай шаҳарга айлантиришга замонавий бошқарувни жорий этиш ҳамда давлат билан тадбиркорлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали эришилади.
Бунинг натижасида шаҳар ижтимоий инфратузилмасининг мавжуд ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, архитектура қиёфасини яхшилаш, ободонлаштириш ва яшил ҳудудларни кўпайтиришга эришилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 июлдаги “Тошкент шаҳрини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда “Тошкент шаҳрида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳуқуқий экспериментни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори Тошкент шаҳрида янгиланишлар ва ўзгартириш амалга ошириладиган 6 та асосий йўналишни белгилаб берди:
Йўллар
Туризм
Экология
Реновация ва қурилиш
Коммунал хўжаликни ривожлантириш
Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги.
Дастурдаги ҳар бир йўналишда тизимли ишларни оширишдан кўзланган мақсад Тошкент шаҳрини коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммолардан холи ҳудудга айлантириш, кўплаб истироҳат боғлари, сайилгоҳлар ва хиёбонларга эга қулай ҳамда хавфсиз шаҳар, йўл инфратузилмасини яратиш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини оширишдан иборат.
ТОШКЕНТ ЙЎЛЛАРИ…
Шаҳарда қулай ҳаракатланиш, шунингдек, пойтахтда тирбандликларнинг камайтириш мақсадида 1 000 км. ички йўллар таъмирланади. Бундан ташқари, шаҳар бўйлаб қўшимча 16 та кўприк реконструкция қилинади, 170 км. велойўлаклар қурилади ва “Ақлли чорраҳа” дастури доирасида 600 дан ортиқ светофор ўрнатилади.
Шаҳар бўйлаб автомобилларда қулай ҳаракатланишни йўловчилар оқими катта бўлган 6 та метро бекати яқинида кўп қаватли автотураргоҳларнинг қурилиши ҳамда шаҳарнинг жадал транспорт оқимига эга 3 000 ўринли паркоматларнинг ўрнатиланади.
Шунингдек, транспорт инфратузилмасини мустаҳкамлаш мақсадида транспорт билан қамраб олиш 30 фоиздан 60 фоизгача ошади. Қўшимча 1 200 электробуснинг харид қилиниши электр двигателда ҳаракатланадиган транспорт улушини 50 фоизгача оширади (ҳозирги кўрсаткич – 17%). Бундан ташқари, “Дўстлик” метро бекатидан Янги Тошкент туманигача 115 минг йўловчини ташишга мўлжалланган ер усти метро ёки трамвай тармоғи қурилади.
РЕНОВАЦИЯ ВА ҚУРИЛИШ
Пойтахтни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги дастури доирасида аҳоли учун арзон уй-жойлар дастури амалга оширилади, бунда 2030 йилгача Тошкент шаҳрида 230 мингта замонавий ва арзон уй-жой қурилади, 1,7 минг хонадон реконструкция қилинади.
Бундан ташқари, янги турар-жой мажмуалари қурилиши “ақлли” шаҳарсозлик тамойилига асосланади, бу эса ривожланиш ҳажмига мос равишда ижтимоий инфратузилмани яратишни назарда тутади. Мазкур тамойилга кўра, қурилаётган турар-жой мажмуалари барча зарур инфратузилма, жумладан, электр ва сув таъминоти тизимлари, сув оқова ва бошқа коммунал тармоқлар, шунингдек, болалар боғчалари, мактаблар ва бошқа ижтимоий объектлар билан таъминланади.
Ижтимоий инфратузилма ҳам ўзгартирилади — пойтахтда 2 та кўп тармоқли 450 ўринли шифохона қурилади. Шунингдек, 35 та янги поликлиника қурилиши, 65 та тиббиёт муассасасини капитал таъмирлаш ҳисобига тиббий хизмат кўрсатиш ҳажми 3 баробар оширилади.
Тошкент шаҳрида таълим соҳасининг янгиланиши ёшларнинг олий ўқув юртларидаги ўринлар билан таъминлашни 47 фоиздан 60 фоизгача етказиш, умумтаълим мактабларидаги ўринлар сонини учдан бирга (430,1 минг ўрингача) ошириш ва 115 та мактабда капитал таъмирлашни амалга ошириш имконини беради. Шу билан бирга, Мирзо Улуғбек номидаги замонавий ўқув ва илмий лабораториялар, кутубхоналар, сунъий интеллектга асосланган технологиялар ва БигДата билан ишлаш марказларини ўз ичига олган Мирзо Улуғбек номидаги “Истеъдодлар мактаби”ни қуриш режалаштирилган.
Реновация дастуридан 50 минг ўринга мўлжалланган 400 дан ортиқ МТТ фаолияти йўлга қўйилади, мавжуд 240 та МТТни капитал таъмирлаш ҳам кўзда тутилган. Бу МТТлар ўринларига бўлган эҳтиёжни 100 фоиз (ҳозирги кўрсаткич 77,1 фоиз) таъминлайди.
Шаҳарни кенгайтириш ва инновацион маъмурий марказ ва турар-жой массивларини барпо этиш доирасида 2030 йилгача замонавий шаҳарсозлик, қулай яшаш ва дам олиш ҳудуди бўлган “Янги Тошкент” лойиҳаси амалга оширилади.
КОММУНАЛ ХЎЖАЛИК
100 дан ортиқ маҳалладаги ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 800 километр сув тармоқларини ётқизиш, 185 км. сув тармоқларини янгилаш ва унинг ҳудудидаги қудуқ ва гидрантларни янгилаш ҳисобига мавжуд сув таъминоти муаммоси ҳал этилади. Бу ичимлик суви сифати ошишига ҳам хизмат қилади.
Инфратузилмани янгилаш ва модернизация қилиш орқали шаҳарни ривожлантиришнинг устувор йўналиши бўлган энергия таъминоти тизими ҳам янгиланади ва мустаҳкамланади.
Мавжуд 8 500 километр электр тармоқларининг 5 000 километри алмаштирилади ёки қайта тортилади. Шунингдек, 4 500 та электр ускуна (электр устунлари), мавжуд 4 000 трансформатордан 1 600 таси алмаштирилади ёки янгидан ўрнатилади.
ИССИҚЛИК ТАЪМИНОТИ ТИЗИМИ
Иссиқлик таъминотида 181 та тизим объектлари модернизация қилинади, 1 500 км. иссиқлик тармоқларини янгилаш ва иссиқлик тармоқларидаги йўқотиш даражасини 25 фоизга камайтиришни ўз ичига олади.
Қулай ва хавфсиз шаҳарни яратиш дастури, шунингдек, видеокузатув тизимларини яратиш, чорраҳаларни интеллектуал бошқариш, бинолар фасадини реконструкция қилиш ва реклама конструкцияларини ўрнатишни тартибга солишни ўз ичига олади.
ТУРИЗМ
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 23 234 ўринли 297 та меҳмонхона рўйхатга олинган. 2030 йилгача шаҳарнинг туристик салоҳиятини ривожлантириш мақсадида пойтахт меҳмонхоналаридаги ўринлар сони 38,5 мингтага етказилади, қўшимча 200 дан ортиқ туристик объектлар қурилади.
Тошкент шаҳридаги туристик ўринлар сонини кенгайтириш билан бирга, Тошкент шаҳрининг туризмни ривожлантириш дастури доирасида шаҳар цирки реконструкция қилинади, ҳунармандлар кўчаси, тарихий-бадиий музей барпо этилади.
Сайёҳлар (маҳаллий ва хорижий) сонини 5,2 миллион кишидан 27,5 миллион кишига ошириш мақсад қилинган.
ЭКОЛОГИЯ
Пойтахтни келгуси 7 йилга мўлжалланган ривожлантириш дастурида шаҳарнинг экологик ҳолатига алоҳида эътибор қаратилган. Дастурда камида 1 миллион туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экиш, шунингдек, 32 та мавзули боғлар ва сайилгоҳларни барпо этиш ҳамда бутун шаҳар бўйлаб 30 та яшил майдон ва хиёбонларни барпо этиш назарда тутилган, бу эса Тошкент шаҳридаги яшил ҳудудлар майдонини 900 гектардан 5 минг гектаргача ошириш имконини беради.
Янги Тошкент ҳудудида умумий майдони 35 гектар бўлган сунъий кўл ва 50 гектар майдонли аквапарк, истироҳат боғлари ташкил қилиниши шаҳарда микроиқлим яратишга кўмаклашади.
АҲОЛИНИНГ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ФАРОВОНЛИГИ
Активларни самарали бошқариш, шунингдек, жаҳоннинг етакчи пойтахтлари тажрибасига асосланган янги ёндашув Тошкент шаҳрида аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 2030 йилга бориб ҳозирги 178,9 триллион сўмдан 500 триллион сўмгача, 4,6 минг доллардан 9 минг долларгача ошириш имконини беради. Бундай имконият шаҳар ресурсларидан фойдаланишнинг янги усуллари, шунингдек, экспорт, инвестициялар, саноат сектори ва бошқа соҳалар каби кўрсаткичларни ошириш ҳисобига вужудга келади.
Саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларига инвестициялар ҳисобидан жалб қилинган 40 миллиард долларлик (2023 йилда 2,9 миллиард долларга нисбатан) лойиҳаларнинг амалга оширилиши экспорт ҳажмини 4 миллиарддан 7,5 миллиард долларгача ошириш имконини беради. Шунингдек, саноатнинг улуши 122,8 триллион сўмдан 300 триллион сўмга ошиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳрида шаҳар активлари ва ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш объектларини бошқариш самарадорлигини ошириш, шунингдек, шаҳар ҳокимлиги олдига қўйилган барча мақсадларга эришиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида давлат ва тадбиркор ўртасида асосий йўналишларда “кўприк” вазифасини бажарувчи “Тошкент Инвест” компанияси ташкил этилади.
Хусусан, компания зиммасига давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишнинг янги тизимини жорий этиш; қурилиш, коммунал ва шаҳар мулкини бошқариш; хусусий инвесторлар билан биргаликда амалга ошириш учун рухсатномалар ва лойиҳа ҳужжатлари билан биргаликда “тайёр бизнес” лойиҳаларини тайёрлаш; давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этиш, шаҳар мулкини бошқариш ва самарадорлигини ошириш; компания ҳисоботларини халқаро стандартларга мувофиқ юритиш; ISO, ERP, SAP тизимларини жорий этиш юклатилади.
Шубҳасизки, Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши шаҳарни дунё пойтахтлари рейтингида тубдан янги босқичга олиб чиқади. Шаҳар активларини бошқариш самарадорлигини тизимли равишда ошириш, фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун барча шарт-шароитларни яратиш барчамизга нафақат энг илғор шаҳар, балки дунёдаги энг ривожланган шаҳарлари қатори энг илғор жамиятга айланишимизга ёрдам беради.
ЎзА