Президент Шавкат Мирзиёев Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ишлар аҳволини таҳлил қилиб, келгусидаги вазифаларни белгилаб бермоқда.

– Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ инсон қадрини улуғлашни энг олий қадрият сифатида эътироф этдик ва бу борада катта ўзгаришларни бошладик. Янги Ўзбекистон, бу – ҳуқуқий давлат эканлигини янгиланган Конституциямизда ҳам муҳрлаб қўйдик. Ягона мақсадимиз – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилишдан иборат, – деди давлат раҳбари сўзининг аввалида.

Биргина охирги икки йил ичида ҳуқуқ-тартибот фаолиятига оид 10 та қонун, 40 га яқин Президент фармон ва қарорлари, 60 дан ортиқ ҳукумат қарорлари қабул қилингани қайд этилди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари, айниқса, ички ишлар ходимларининг ойлик маоши кескин оширилди ва кўплаб имтиёзлар берилди.

Бевосита “маҳалладаги бешлик” учун 30 мингдан ортиқ янги штатлар киритилди.

 

ЎзА