Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

Мутахассислар мазкур форум мамлакатимизнинг иқтисодий имкониятларини кўрсатиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни келишиш учун қулай майдон эканлигини таъкидлашмоқда. Шу боис унинг доирасидаги шўъба мажлислари, давра суҳбатлари, тақдимотлар, ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари каби 40 дан ортиқ тадбирларда муҳим масалалар муҳокама қилинмоқда.

Ушбу тадбирларда иштирок этаётган ҳорижий делегация вакилларининг фикрларини ҳавола қилишда давом этамиз.

– Биз бу нуфузли анжуманга таклиф этилганимиздан мамнунмиз, – дейди ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид Ал-Халифа, – Жамғармамиз халқаро ташкилот ҳисобланади, маблағларни ривожланаётган мамлакатларга йўналтирамиз. Бугунги кунда 125 та мамлакат билан ҳамкорлик қиламиз. Давлат сектори ва ҳукуматлар билан ҳамкорликда ишлаймиз. Энергетика соҳасини молиялаштириш бўйича лойиҳаларга тўхталмоқчиман. Инфраструктура ҳар бир мамлакат учун муҳим. Энергетика эса ҳар қандай давлатнинг ривожланиши учун асос ҳисобланади. Энергетикасиз муваффақиятга эришиш жуда қийин. Шу сабабли биз дунёдаги энергетика секторини молиялаштиряпмиз. Улар орасида Марказий Осиёдаги давлатлари ҳам бор. Биз Ўзбекистонда ҳам “яшил лойиҳа”ларни Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда молиялаштиряпмиз. Ўзбекистонда “яшил энергетика”га алоҳида урғу берилаётгани қувонарли. Биз бу жараёнда иштирок этаётганимиздан мамнунмиз.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 май куни форум дастури доирасида ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид Ал-Халифани қабул қилган эди.

 

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА