Тошкент халқаро инвестиция форумида Президентимиз Шавкат Мирзиёев рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида Халқаро тижорат суди иш бошлашини қайд этди.

Ушбу суд Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида алоҳида ўринга эга бўлади. Бунинг учун яқин муддатларда махсус қонун қабул қилинади. Процессуал кодексларга ушбу халқаро тижорат суди қарорлари тўлақонли ижро этилишига оид меъёрлар ҳам киритилади.

Адлия вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда шу масалага эътибор қаратилди.

Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов Қатар молия маркази судьяси Фредерик Дениэл Якобус Бренд ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан шу ҳақда фикр алмашди.

Маълумот учун: Қатар молия маркази ҳудудида 2009 йилда Қатар халқаро суди ва низоларни хал қилиш маркази ташкил қилинган. Марказ суд тизимига кирмайди, ўз фаолиятини мустақил, иштирокчилар ўртасидаги низолар ва тарафларнинг розилиги мавжуд бўлган ҳолда амалга оширади.

А.Тошқулов С.Чакрабарти лойиҳа офиси билан ҳамкорликда Тошкент халқаро тижорат суди (ТХТС)ни ташкил этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилганини маълум қилди.

Шунингдек, Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида ТХТС фаолиятининг ишга туширилиши мазкур йўналишда илк қадамлардан бири ҳисобланиши ва бу йўналишда халқаро ҳамкорликни изчил ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

Ф.Бренд, ўз навбатида, Қатар молия маркази суди фаолияти юзасидан батафсил маълумот тақдим этди.

Томонлар суднинг юрисдикцияси, судьялар тайинлов тизими, суд қарорларини ижрога қаратиш, Қатар молия маркази суди ҳамда миллий судлар ўртасидаги ўзаро алоқалар юзасидан атрофлича фикр алмашди.

Н.Абдураимова, ЎзА