Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг устун мавқеини ёки устун музокара кучини аниқлаш ва эътироф этиш тартиби тўғрисидаги низом;
Рақамли платформа операторининг устун мавқеи ва устун музокара кучини эътироф этиш ҳамда рақобатнинг чекланишига ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом;
Хўжалик юритувчи субъектларни табиий монополия субъекти сифатида эътироф этиш тартиби тўғрисидаги низом;
Рақобатга қарши келишувларни ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом;
Иқтисодий концентрацияни амалга ошириш учун олдиндан розилик олиш тартиби тўғрисидаги низом;
Хизматларнинг молия бозорида монопол юқори ва монопол паст нархларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом;
Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ушбу низомлар Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг устун мавқеини ёки устун музокара кучини аниқлаш ва эътироф этиш ҳамда рақобатни бевосита ёхуд билвосита чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаш тартибини белгилайди.
ЎзА