Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли шоир ва адиб Абдусаид Кўчимов талабалар билан учрашди.

Тадбир аввалида университет ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов шоирнинг “Асра” шеъри ҳақида фикр билдириб, бу барча юртдошларимизга, айниқса, ёшларга даъват эканлигини таъкидлади.

Учрашувда Абдусаид Кўчимов бугун юртимизда кечаётган янгилик ва ўзгаришлар, ёшлар таълим-тарбиясига берилаётган эътибор ҳақида сўз юритди. Ўзининг ёшлик даврлари ва айни чоғдаги имкониятларга тўхталди. Дунёдаги вазият, “оммавий маданият” таъсири, ундан ёшларни асраш зарурлигини таъкидлади.

– Давлатнинг қудрати унинг иқтисодиёти мустаҳкамлиги, қатъий сиёсати билан бирга халқнинг ўзини англаши, ғурурли ва ориятли бўлишига ҳам боғлиқ, – деди А.Кўчимов. – Ўзлигини англаган, уйғоқ миллат, халқни енгиб бўлмайди. Биз ҳам ҳар биримиз ўзимизни Ватан деб, Ўзбекистон деб билиб яшасак, ўқисак, меҳнат қилсак, юртимиз тезроқ буюк давлатлар қаторига қўшилади.

Учрашувда шоир “Асра” шеърини ўқиб берди.

“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимовга Самарқанд давлат университетининг фахрий профессори унвони берилди.

 

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат),

ЎзА мухбирлари