Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтаётган учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Ўзгаришлар ва барқарорлик алгоритми: минтақа ва жаҳон иқтисодиётини ўзгартиришда сунъий интеллектнинг роли» мавзусида панель сессияси ташкил этилди.

Мазкур сессияда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, SocraticsAI ва TRACE Capital Holdings бош директори Тимоти Юн, Citigroup собиқ техник директори Антонио Бенжамин, Yandex Machine Intelligence Lab раҳбари Александр Крайнов, Future & Solutions бош директори Андреа Ловато иштирок этди.

Ушбу панель сессияси сунъий интеллектнинг (AI) минтақавий ва глобал иқтисодиётларни ўзгартиришдаги таъсири ва ролини ўрганишда муҳим саналади.

Сессия шунингдек, сунъий интеллектнинг кириб бориши натижасида кутилаётган ўзгаришлар ҳамда инклюзив ва барқарор келажакни таъминлаш учун ушбу янги давр бошланишига тайёргарлик кўриш бўйича масалаларни ўз ичига олди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотида.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов сунъий интеллектнинг ривожланиши катта имкониятлар очиши билан бирга янги хавфларни ҳам келтириб чиқариши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, у вазирлик миссиясидан келиб чиқиб, сунъий интеллектдан инсонлар ҳаётини енгиллаштириш ва қўшимча даромадлар топишга имкониятлар яратиш учун кенгроқ фойдаланиш ҳамда унинг ёрдамида янги пайдо бўлаётган хавфларнинг олдини олиш бўйича ишлаш кераклиги ҳақида гапирди.

М.МАДАМИНОВА, ЎзА