Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган тантанали адабий анжуман ўтказилди.

“Махтумқули Фироғий – ўзбек ва туркман халқларининг умумий мероси” мавзусидаги ушбу халқаро илмий-амалий анжуман Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Туркманистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Туркман маданият маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Анжуманда қардош халқнинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Туркманистон Миллий комиссияси масъул котиби, Туркманистон Қаҳрамони Чинор  Рустемова раҳбарлигидаги делегация қатнашди.

Анжуман иштирокчилари дастлаб Тошкент шаҳридаги Махтумқули Фироғий ва Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шодурди Мередов, ЮНЕСКО ишлари бўйича Туркманистон Миллий комиссияси масъул котиби, Туркманистон Қаҳрамони Чинор Рустемова, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, атоқли адабиётшунос олим Баҳодир Каримов ва бошқалар Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланиши икки қардош халқнинг адабиёти, санъати ва маданиятидаги уйғунликдан дарак беришини таъкидлади.

–Махтумқули бобо бизга бегона эмас, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Туркий халқларнинг ижодкорлари ҳамзабон, ҳамнафасдир. Жаҳолатга қарши маърифат, деганда, Махтумқулининг  бетакрор ижоди ҳам кўз ўнгимизда намоён бўлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев қарори асосида шоир таваллудининг 300 йиллиги юртимизда кенг нишонланиши Махтумқули ижодига бўлган эътиборнинг амалий натижаси. Ёшларни юксак маънавият соҳиби этиб тарбиялашда Махтумқули ижодининг аҳамияти беқиёсдир.

–Бизнинг тарихимиз, маданиятимиз, анъаналаримиз муштаракдир, – деди Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шодурди Мередов. – Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида Ўзбекистонда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланиши Ўзбекистонда улуғ аллома шоир ижодига бўлган чексиз эҳтиромнинг ёрқин намунасидир. Демакки, Махтумқули ўзбек халқининг ҳам фарзанди.

– Буюк шоир Махтумқули таваллудининг 300 йиллиги Ўзбекистонда юксак савияда нишонланаётганини эътироф этамиз, – деди ЮНЕСКО ишлари бўйича Туркманистон Миллий комиссияси масъул котиби, Туркманистон Қаҳрамони Чинор Рустемова. – Ушбу конференция Махтумқули ижодини ўрганишда катта ижодий майдондир. Унинг 300 йиллиги ЮНЕСКО шафелигида ҳам кенг нишонланмоқда. Бу диёрда Махтумқули ижодига бўлган чексиз меҳр-муҳаббатни ҳис этдик. Шоир ўзбек халқининг ҳам юрагидан жой олганига гувоҳ бўлдик. Шоир қўлёзмалари ЮНЕСКОнинг  Бутунжаҳон меросидан ўрин олгани унинг ижодига халқаро миқёсдаги эътибор, эҳтиромнинг яна бир ёрқин далилидир. Шоирнинг улкан ижодини ўрганиш, тарғиб этиш учун бир анжуман ёки форум кифоя қилмайди. Демакки, унинг ижодини ўрганиш ҳали давом этади.

Дарҳақиқат, Махтумқули Фироғий ижоди насиҳат, эзгу йўл-йўриқ, яхшиликка даъват руҳи билан йўғрилган. Унда покиза, самимий инсоний туйғулар тараннуми устувор.

Мамлакатимизда шоир ижодини ўрганиш, ёшларга кенг тарғиб этиш масаласига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шоирнинг ижод намуналари жамланган китоблар қайта-қайта нашр этилмоқда, халқимиз томонидан севиб мутолаа қилинмоқда. Шоир ижоди дилбар қўшиқлар бўлиб қалбимиздан ўрин олгани диққатга сазовор.

Халқаро конференцияда Махтумқули Фироғий ижодининг бетакрорлиги, ўзига хос жиҳатлари хусусида батафсил сўз юритилди.

 

Назокат Усмонова,  

Рустам Назарматов (сурат),  

ЎзА