Ҳуқуқий муносабат

Паспорт бериш ва ундан фойдаланиш, қайд этиш, рўйхатдан чиқариш тартибини, шунингдек, паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Фуқаролик паспорти ва уни янгилаш муддатлари хусусида Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов батафсил тушунтириш берди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январдаги «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти тўғрисида»ги низомнинг 11-бандига кўра, паспорт қуйидаги ҳолларда ID-картага алмаштирилади.

Жумладан, паспортнинг амал қилиш муддати тугаганда, фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарганда, паспортдаги ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганда, суд ажрими билан паспортнинг амал қилиши тўхтатиб турилганда, паспорт бланкаси яроқсиз ҳолга келганда ҳамда паспорт йўқотиб қўйилганида ID-картага алмаштирилади.

Фуқаро паспортининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг ёки фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва миллати ўзгаргандан сўнг паспорти 1 ой муддатда ID-картага алмаштирилиши лозим.

Юқорида келтириб ўтилган қоидага амал қилинмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортсиз ёки идентификацияловчи ID-карта ёхуд ҳақиқий бўлмаган паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаши, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортини ёки идентификацияловчи ID-картани, хорижга чиқиш учун биометрик паспортини қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатини қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳақиқий бўлмаган идентификацияловчи ID-картаси (Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси) билан, доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаши, идентификацияловчи ID-картасини (Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини) қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши, – базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан уч бараварига(170 минг сўмдан 1 миллион 20минг сўмгача) ча миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Гулноза Бобоева, ЎзА