Ўзбекистон пара спортчилари Франциянинг Париж шаҳрида ўтган пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида 6 олтин, 7 кумуш ва 4 бронза, жами 17 медални қўлга киритиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ушбу нуфузли мусобақа ғолиблари, совриндорлари ва иштирокчиларини тантанали кутиб олиш маросими бўлди.

Ушбу нуфузли мусобақада паралимпиячиларимиз дунёга мамлакатимизнинг улкан салоҳиятини намоён қилди. Аждодлари буюк миллатнинг авлодлари ҳам буюк ишларга қодирлигини, юртимиз ёшларининг мардлик ва жасоратда, шижоат ва матонатда, иқтидору истеъдодда ҳеч кимдан кам эмаслигини, аксинча, манаман деган давлат ёшларидан устун эканини исботлади.

– Қизим жаҳон чемпионатига кетиш олдидан албатта олтин медаль билан қайтаман, деб ваъда берганди, – дейди жаҳон чемпиони Асила Мирзаёрованинг онаси Дилфуза Ҳасанова . – У ваъдасининг устидан чиқиб, юзимизни ёруғ қилди. Асиланинг бу ғалабаси бутун халқимизнинг ютуғи, мамлакатимизда яратилган кенг имкониятлар, ёшларга кўрсатилган меҳр ва эътиборнинг самарасидир. Умид қиламанки энди Паралимпия ўйинларида ҳам олтин медални қўлга киритади.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш, билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз қизиқиш ва интилишига мос касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши, халқаро майдонларда матонатини, иродасини, жасоратини кўрсатишини таъминлаш доимий эътиборда.

Франциянинг Париж шаҳрида ўтган пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон спортчиларининг ғалабага бўлган қатъий ишончи, туғилиб ўсган Ватанини баралла мадҳ этишга бўлган интилиши улар кўрсатган натижаларда бутун бўй басти билан намоён бўлди.

Спортчиларимиз Паралимпия ўйинларида эришган ғалабалари билан нафақат мамлакатимиз, балки дунё тарихида яна бир саҳифа очди. Паралимпиячиларимиз шарафига Ўзбекистон номи, мустақил мамлакатимиз мадҳияси баралла янгради, байроғимиз баланд ҳилпиради. Улар қайд этган натижалар, рекордлар, қўлга киритган медаллар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилди.

Ҳар қандай ғалаба, эришилган натижа таққосланганда янада залворли кўринади. Биргина мисол, пара атлетларимиз 2019 йилда БААда ўтказилган жаҳон чемпионатида 4 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза, жами 8 та медаль қўлга киритган эди. Бу галги мусобақада эса 6 олтин, 7 кумуш, 4 бронза жами 17 медаль. Бу эса, албатта ўтган 4 йилда пара атлетларимиз сезиларли даражада тажрибалари ошгани ва янги марраларни забт этишга тайёрлигини билдиради.

Спортчиларимиз фақат медалларни қўлга киритибгина қолмай жаҳон рекордларини ҳам янгилаб, ўзларининг улкан салоҳиятга, истеъдодга эга, юраги шижоатга тўла эканини исботлади. Нуфузли мусобақада 5 нафар спортчимиз – Дониёр Салиев, Иззат Турғунов ва Асила Мирзаёрова узунликка сакраш баҳсларида, ядро улоқтиришда Бобур Омонов, найза улоқтиришда эса Нурхон Қурбонова жаҳон рекордини янгилади. Бундан ташқари терма жамоанинг кўплаб спортчилари ўз шахсий рекордларини ҳам айнан Париждаги жаҳон чемпионатида ўрнатди.

Шуниси аҳамиятлики, 19 нафар пара атлетимиз келгуси йил айнан Париж шаҳрида бўладиган XVII ёзги Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри лицензияни ҳам қўлга киритди.

Жаҳон чемпионатининг Т11 классида узунликка сакраш баҳсларида Асила Мирзаёрова, F54 классида найза улоқтириш дастурида Нурхон Қурбонова, F41 классида ядро улоқтириш дастурида Бобур Омонов, Т12 классида узунликка сакрашда Дониёр Салиев, Т36 классида узунликка сакрашда Иззат Турғунов, F35 классида ядро улоқтиришда Ҳусниддин Норбеков олтин медални қўлга киритди.

Шунингдек, ўз йўналишларида Кубаро Ҳакимова, Қудратуллохон Маъруфхўжаев, Ёрқинбек Одилов, Нозимахон Қаюмова, Моҳигул Ҳамдамова, Ёқутхон Холбекова ҳамда Сафия Бурхонова кумуш, Толиббой Йўлдошев, Элбек Султонов, Нурхон Қурбонова ва Дилафруз Аҳмадхонова бронза медалини қўлга киритди.

– Жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш бахтига ва икки медални қўлга киритишга муяссар бўлганимдан хурсандман, – дейди жаҳон чемпиони Нурхон Қурбонова. – Нуфузли мусобақада шоҳсупага икки бора кўтарилишимда Ўзбекистонга албатта медаль билан қайтишим, ота-онам, устозларим, халқимизнинг ишончини оқлашим керак, деган қатъий ишонч менга ҳар томонлама куч-қувват берди. Зеро, мустақил Ватанимиз шарафини халқаро майдонларда ҳимоя қилиш, биз, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган юртимизга муносиб фарзанд бўлиш ҳар биримизнинг энг улуғ мақсадимиздир.

Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон спортчилари Париж шаҳри мезбонлигида ўтган жаҳон чемпионатида ўз маҳорати, матонати ва шижоатини тўла намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Спортчиларимиз келажакдаги нуфузли мусобақаларда, жумладан, 2024 йили Франциянинг Париж шаҳрида бўладиган XVII Паралимпия ўйинларида бундан-да салмоқли натижаларга эришиши шубҳасиз.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА