Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан жорий йил биринчи ярмида қандай ишлар амалга оширилди?

Бу саволга агентлик ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова жавоб берди: 

– Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларига очиқ танловларни ўтказиш йўналишида vacancy.argos.uz портали орқали 68 вазирлик ва идора ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликларидаги жами 149 минг 102 вакант лавозимга 48,5 мингдан ортиқ малакали номзодлар ишга қабул қилинди.

Ҳудудий ташкилотлардаги 554 нафар номзод учун малака ошириш курслари ташкил этилди. Тажриба-синов сифатида 17 нафар номзод бир ҳафта муддатга вазирлар, вазир ўринбосарлари, вилоят ва туман ҳокимларига дублёр сифатида бириктирилди.

Давлат фуқаролик хизматчилари учун малака ошириш курслари, ўқув амалий-семинар, тренинг ва стажировкалар ўтказиш тизими йўлга қўйилиб, 2022-2023 йилларда 77 мингдан ортиқ  давлат фуқаролик хизматчиси иштирок этди.

Ilm.argos.uz масофавий таълим портали ишга туширилди, унда 466 дан ортиқ видеоматериал, 240 дан ортиқ электрон адабиёт жойлаштирилди. Ҳозирда тизимда 64 минг 521 нафар давлат хизматчиси рўйхатдан ўтган.

Давлат фуқаролик хизматчилари учун саккизта  компетенцияни ўз ичига олган базавий компетенциялар модели ишлаб чиқилди.

test.argos.uz тизими орқали 56 мингдан ортиқ давлат хизматчиси психологик тестлар топширди. 1,1 минг нафар давлат хизматчиси “кўникмалар паспорти” ва 8,5 мингга яқин давлат хизматчиси, шу жумладан, 406 нафар раҳбар учун психологик портрет шакллантирилди.

Давлат хизматчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар учун шарт-шароитлар яратиш масаласида комплекс ўрганишлар ва 558 маротаба мониторинг ўтказилди. Ўрганиш натижалари бўйича 3 минг 828 қонунбузилиш аниқланиб, 492 тақдимнома, 475 огоҳлантириш хати киритилди ҳамда 31 нафар айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ваколатли органларга таклиф берилди.

Кўрилган чоралар натижасида 430 нафар ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлашга оид бузилган ҳуқуқлари тикланди, 66  ноқонуний буйруқ (ишга қабул қилиш тўғрисидаги) бекор қилинди. 24 нафар айбдор шахс маъмурий жаримага тортилди, қонунбузилиш ҳолатлари сабаб 51 та танлов жараёни тўхтатилди.

Давлат фуқаролик хизматида кадрлар билан ишлаш жараёнларини рақамлаштириш йўналишида “Давлат фуқаролик хизмати соҳасида инсон ресурсларини бошқариш” “hrm.argos.uz” ахборот тизими жорий этилди.

Сектор раҳбарлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг автоматлаштирилган ахборот тизими “samaradorlik.uz” синов тариқасида ишга туширилди.

Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасидан юқори натижаларга эришган номзодларни танлаб олиш бўйича “zaxira.argos.uz” манзилида махсус платформа ишлаб чиқилди.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан хорижий турдош ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик асосларини белгилайдиган олтита икки ва кўп томонлама ҳужжат ва меморандумлар имзоланди. Шулардан тўрттаси олий ва юқори даражадаги ташрифлар доирасида имзоланган.

Н.Абдураимова, ЎзА