Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг кадрлар салоҳиятини яқиндан ўрганиш, мавжуд муаммоларга жойнинг ўзида ечим топиш мақсадида Божхона қўмитасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бошқармаси бошлиғи С.Жалилов хизмат сафари билан Қорақалпоғистон Республикасида бўлди.

Дастлаб, мамлакатимиз шимолий дарвозаси ҳисобланувчи, Нукус шаҳридан 450 километр масофада жойлашган “Довуд-ота” чегара ва “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона постларида бўлиб, бу ерда ходимлар учун яратилган шароитлар, уларнинг иш самарадорлиги билан танишди. Ходимларнинг оилавий шароитлари, хусусан, KPI кўрсаткичларига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган омиллар ўртага ташланиб, уларга ечим топиш масалалари ҳақида фикрлар баён қилинди.

Шунингдек, С.Жалилов “Довуд-ота” чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган енгил ва юк автотранспорт воситалари ҳайдовчилари билан суҳбатлашиб, божхона постидан ўтиш чоғида учраётган муаммолар ҳақида ўз маслаҳатларини баён этди.

“Хўжайли” туманида истиқомат қилувчи II гуруҳ ногирони Мақсуда Камолова божхона органларига бириктирилган махсус тоифадаги ёшлардан бири. Вакил ушбу ёшнинг ҳолидан хабар олиб, олдинги ўрганиш ишлари давомида ёш томонидан сўралган пишириш печини Мақсудага топширди. Кўриш қобилияти паст бўлсада пишириқларга қизиқувчанлиги баланд бўлган ушбу ёшга маҳаллий масъул идоралар билан биргаликда келгусида нон цехи очиши учун бино ажратиш орқали ўзини ўзи банд қилишда кўмаклашиш чоралари кўриладиган бўлди.

Қорақалпоғистон Республикасига бўлган хизмат сафари давомида С.Жалилов сарҳадларда хизмат қилаётган божхона ходимлари билан очиқ суҳбат ўтказиб, уларнинг ишчанлик кайфияти билан ҳам қизиқди. Зеро, ўз ишини севган инсонгина унинг қадрига етиб, бор куч салоҳиятини ишга солиб, ўзига юклатилган вазифаларни чин кўнгилдан бажаради. Бугун божхона тизимида хизмат қилувчи ҳар бир ходим етук мутахассис, ўз касбининг фидоий жонкуяри, теран билим ва ақлий салоҳиятга эга бўлган, замон билан ҳамқадам ривожланиб, ўз устида бетиним ишловчи кадр бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири