Президентимиз томонидан жорий йил 11 июль куни инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказилиб, унда бир қатор вазифалар белгиланган эди.
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ва “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бу борадаги вазифалардан келиб чиқиб тизимда инвестицион муҳитни таҳлил қилиш, қайта кўриб чиқиш ва унинг жозибадорлигини ошириш борасида кенг-кўламли ишларни амалга оширмоқда.
Хусусан, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов республикамиздаги “Агро пилла” МЧЖ раҳбарлари, тадбиркор ва инвесторлар билан вилоятлардаги инвестицион муҳитни яхшилаш, янги инвестицияларни ҳар бир туман кесимида жорий қилиш каби масалаларни муҳокама қилди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро ва Хоразм вилоятларидаги соҳа ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда 2023 йил якунига қадар қиймати 34,6 миллион долларлик инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши белгилаб олинди.
Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида 6 миллион долларлик янги 4 та инвестиция лойиҳалари шакллантирилди ва 2 та корхонада 740 минг долларлик модернизация тадбирларини амалга ошириш бўйича келишиб олинди. Бухоро вилоятида 9 миллион долларлик янги 6 та инвестиция лойиҳалари шакллантирилди ва 4 та корхонада 1,5 миллион долларлик модернизация тадбирларини амалга ошириш бўйича келишиб олинди.
Навоий вилоятида эса 6,5 миллион долларлик янги 4 та инвестиция лойиҳалари шакллантирилди ҳамда 3 та корхонада 1,4 миллион долларлик модернизация тадбирлари амалга оширилади.
Шунингдек, Хоразм вилоятида 6 миллион долларлик янги 3 та инвестиция лойиҳалари шакллантирилиб, 2 та корхонада 1,5 миллион долларлик модернизация тадбирларини амалга ошириш бўйича режа тузиб олинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА